Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим инспекцияси: “Қорақалпоғистондаги 47 фоиз мактабда биронта олий тоифали ўқитувчи йўқ”
16:06 / 2021-01-29

Жорий йилнинг 27-28 январь кунлари Таълим инспекцияси ишчи гуруҳи таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлик кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва педагогларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистонда бўлди.

Ташриф мобайнида Республика мактабларидаги педагогларнинг аттестация жараёнларида қайд этаётган натижалари, бу борадаги ютуқ ва камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги 727 та мактабда 259 минг нафардан ортиқ ўқувчига 37310 нафар педагоглар таълим-тарбия бериб келмоқда. Республикадаги жами педагогларнинг 3 фоизи олий, 12 фоизи биринчи, 33 фоизи иккинчи тоифали ва 44 фоизи тоифасиз мутахассис ўқитувчи ҳисобланади.

Ачинарлиси, Республикадаги 345 та (47%) мактабда бирорта ҳам олий, 83 та мактабда эса бирорта ҳам биринчи тоифали ўқитувчи мавжуд эмас.

Маълумки сўнгги икки йилда ўз билимига ишонган, илғор ўқитувчиларга ўз ихтиёри билан навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиб, тоифасини ошириб олиш имконияти яратиб келинмоқда. Натижада ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасида олий тоифали ўқитувчилар сони 754 нафардан 1072 нафарга, биринчи тоифали ўқитувчилар сони 2914 нафардан 4319 нафарга ошишига эришилди.

Ҳудуддаги таълим соҳасига масъул раҳбарлар билан ўтказилган муҳокамалар жараёнида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев мазкур масала тўхталар экан, Қорақалпоғистонда бу бўйича ўсиш кўрсаткичлари бошқа ҳудудларга қараганда сустроқ кетаётганини таъкидлаб ўтди:

– Бухоро, Сирдарё ва Навоий вилоятларида бўлиб бу бўйича натижаларни таҳлил қилганимизда сўнгги икки йилда икки баробаргача ўсиш кўрсаткичи қайд этилганига гувоҳ бўлдик. Қорақалпоғистонда ҳам ўсиш кўрсаткичларига кўз юмиш, адолатдан бўлмас. Аммо, бошқа вилоятларга қараганда, рақамлар динамикаси анча суст. Биз мактабларга чиққан ҳолда мазкур ҳолатнинг сабабларини аниқлашга ҳаракат қилдик. Кўриниб турибдики, Қорақалпоғистонда ўз ишининг фидойиси бўлган устозлар жуда кўп. Бунда уларни шунчаки тоифаларини оширмаганликлари учун айблаш, тўғри эмас. Чунки аввало, бунинг учун уларга сифатли методик ёрдам беришимиз, ўз билим ва кўникмасини ошириш учун шарт-шароит яратишимиз зарур.

Президентимиз Мурожаатномасида олдимизга ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқиш вазифасини қўйган. Шунинг учун, биз ҳудудларда бўлиб, мазкур жараённи такомиллаштириш, адолатли ва шаффоф бўлиши таъминлаш юзасидан бевосита педагогларнинг фикр ва таклифларини ўрганяпмиз, – деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Қайд этиш лозим, биргина 2020 йилнинг ўзида ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида Қорақалпоғистон Республикасидан жами 6 459 нафар педагог иштирок этди.

Аттестация натижаларига кўра Республикасидаги умумтаълим мактаблари педагогларига 159 та олий, 575 та биринчи, 1132 та иккинчи, жами 1866 та малака тоифаси сертификатлари тарқатилди.

Жорий йилда педагоглар томонидан малака тест синовларида қайд этилган ўртача баллар бўйича энг юқори натижа Амударё тумани (54,4 балл) педагоглари томонидан, энг паст натижа (45,7 балл) эса Шуманай тумани ўқитувчилари томонидан қайд этилди.

Йиғилиш давомида Республикадаги вазиятни яхшилаш, ҳамда таълим сифати кўрсаткичларини ошириш бўйича рейтингда қуйи ўринларни эгаллаган, аттестациядан ўтмаган, таълим сифати паст мактабларни фақатгина олий таълим муассасаларига эмас, балки малака ошириш марказлари ҳамда методик хизматларга бириктириш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида тоифаси бўлмаган ўқитувчилар кўплиги танқид қилиниб, мазкур педагогларга сифатли методик ёрдам кўрсатиш орқали малака тоифа имтиҳонларига кўпроқ жалб этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида, кўрилган масалалар юзасидан йўл хариталарини тузишга келишилиб олинди ҳамда амалга ошириладиган чора-тадбирлар муддати аниқ белгиланди.