Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим инспекцияси Европа таълим инспекциялари тармоғига аъзо бўлди
09:53 / 2020-12-08

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Европада таълим миллий ва минтақавий инспекциялар ассоциацияси SICI (The Standing International Conference of Inspectorates) га аъзо бўлди.

Ушбу ассоциация таълим соҳасидаги инспекция жараёнларини такомиллаштириш бўйича халқаро анжуманлар, тренинглар ўтказиш орқали аъзо давлатлардаги инспекция жараёнларида дуч келинадиган долзарб муаммоларни бартараф этишга, инспекциялар фаолиятини яхшилашга қаратилган стратегиялар ишлаб чиқишни мақсад қилган. Бунда инспекторларнинг касбий кўникмаларини ошириш, инспекциялар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва мавжуд ҳамкорликларни ривожланишини қўллаб-қувватлаш, ўзаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор берилади.

1995 йилда ташкил топган мазкур халқаро ташкилотнинг бош офиси Бельгиянинг Брюссел шаҳрида жойлашган бўлиб, ҳозирда унга 40 дан ортиқ давлатларнинг таълим инспекциялари аъзо бўлган. Жумладан, Англиянинг Ofsted (The Office for Standards in Education, Children’s Services and Skills) – Қиролича ҳузуридаги мактаб инспекцияси департаменти, Финляндиянинг FINEEC (Finnish Education Evaluation Centre) – Финляндия таълимни баҳолаш миллий маркази, Германиянинг IEMQD (Institute for Educational Monitoring and Quality Development) – Таълим мониторинги ва сифатини ривожлантириш институти, Швециянинг мактаблар инспекцияси (Swedish Schools Inspectorate), Эстониянинг Таълим ва илмий тадқиқотлар вазирлиги департаменти (Department Ministry of Education and Research) ва бошқалар.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, МДҲ давлатлари ичида бу ассоциацияга Украина ва Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақасидан эса Таълим инспекцияси ягона аъзо ҳисобланади. Мазкур уюшмага аъзо бўлиш келгусида инспекция жараёнларининг сифатини оширишга, Европа инспекторлари билан тажриба алмашишга, қолаверса Европа иттифоқи томонидан молиялаштириладиган таълим лойиҳаларининг Ўзбекистонга жалб қилинишига хизмат қилади.

Ҳамкорликнинг илк намунаси сифатида Таълим инспекцияси вакиллари онлайн форматда ўтказилган SICI нинг 25-Бош Ассамблеясида иштирок этиб, Европалик ҳамкасблари билан тажриба алмашиши имкониятига эга бўлишди.

Мазкур нуфузли тадбирда ассоциация директори Шанталь Манес ва турли давлатларнинг вакиллари ўз чиқишлари билан иштирок этишди. Бунда пандемия даврида ўқувчиларнинг мактабга қайтиши, дуч келинадиган муаммолар, мактаб тизимидаги ўзгаришлар ва бу жараёнда инспекцияларнинг роли муҳокама қилинди. Бундан ташқари, имтиҳонлар ва ўқувчиларни баҳолаш тизими, рақамли технологиялар ва ўқитиш жараёни, пандемия даврида таълимда ижтимоий тенгсизлик кучайиши муаммолари муҳокама қилинди.