Олимларнинг изланишларисиз тараққиёт бўлмайди. Боиси, ҳаётимизга татбиқ қилинаётган ҳар қандай янгиликда уларнинг ўрганишлари, илмий асосларига таянилади. Қишлоқ хўжалигидан тортиб, осмон жисмларигача ҳаммасининг асоси илмга боғлиқ.
Шундай экан бугун юртимиздаги олимлар ўз илмларини халқаро миқёсда қандай тарғиб қилишяпти? Олиб борилаётган лойиҳа ва тадқиқот натижалари ҳаётга нечоғли таъсир кўрсатяпти? Бу борада қандай камчиликлар мавжуд?

Олий аттестация комиссиясида педагогика фанлари бўйича илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар раҳбарияти билан танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда шу каби саволларга тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, илмий кенгашлар фаолиятини низомлар талаблари асосида ташкил этиш, диссертациялар сифатини ошириш, аттестация ҳужжатларини тўғри ва талаблар даражасида расмийлаштириш, ёш тадқиқотчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга кўмаклашиш ҳамда илм-фанда ҳар қандай коррупциявий ҳолатларга сабаб бўлувчи омилларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, зарур кўрсатмалар берилди.
Ўтказилган йиғилиш якунида мавзу доирасида йўлланган саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА