Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Таълим – фан – ишлаб чиқариш” занжири – кадрлар тайёрлашда муҳим мезон
18:11 / 2024-02-12

Назарий билимлар амалиёт билан уйғунлашсагина самарали бўлади. Шу боис ҳам мамлакатимиз узлуксиз таълим тизимида “Таълим – фан – ишлаб чиқариш” занжири узвийлигига устувор аҳамият қаратилади. Бинобарин, бўлажак мутахассис кадрларнинг ҳали ўқиш давридаёқ интеллектуал ва амалий билимларини кузатган давлат ташкилоти ўз истиқболини ҳам белгилаб олишга имкон топади. Бу эса ўз навбатида олий таълим муассасаси фаолиятини ҳам баҳолаш мезони ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасида Академия талабаларининг малакавий ҳамда педагогик амалиётлари боришини жиддий ўрганди. 

Ҳозирда академия талабаларининг амалиёти ректорнинг тегишли буйруғи асосида ташкил этилмоқда. Бунда академиянинг Маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими, кафедралар билан ҳамкорликда педагогик ва малакавий амалиётларни самарали ташкил этиш учун 135 та ташкилот билан меморандум ва шартномалар имзолагани муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров Исломшунослик, Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар, Мумтоз шарқ филологияси факультетлари 2-, 3- ва 4-курс талабаларининг малакавий ҳамда педагогик амалиётининг ўтказилиш жараёнини бевосита кузатди. 

Таъкидлаш жоизки, ташкил этилаётган амалиётларда 70 нафар профессор-ўқитувчи раҳбарлигида 1065 нафар талаба иштирок этмоқда. Ушбу талабалар, республикамизнинг 70 дан зиёд вазирлик, идора, ташкилот ҳамда муассасаларида амалиёт ўтаётгани эътиборли. Жараён академиядан бириктирилган амалиёт раҳбарлари, Маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими ходимлари, деканлар, масъул кафедра мудирлари билан биргаликда амалиёт объектидан бириктирилган мутахассислар томонидан назоратга олинган. 

Ҳар бир йўналиш учун курслар кесимида амалиёт раҳбарларидан иборат гуруҳ ташкил этилган. Гуруҳда талабаларнинг ўз вақтида амалиёт объектига етиб бориши таъминланиб, ҳар қандай камчиликлар бартараф этиб борилаётгани эътиборга молик. 

Амалиёт жараёнларини ташкил этишда назарий ҳамда амалий таълим уйғунлигига катта аҳамият қаратилган бўлиб, талабалар ўз билим, амалий кўникма ва маҳоратларини оширмоқда. 

Шу куни Дин ишлари бўйича қўмитанинг Диний-маърифий ташкилотлар ва илмий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Ахборот-таҳлил ва тарғибот ишларини ташкил этиш бошқармаси, Диншунослик экспертизаси бошқармаси ҳамда Хотин-қизлар билан ишлаш ва тарғибот гуруҳларини мувофиқлаштириш бўлимида малакавий амалиёт ўтаётган талабалар билан суҳбатлашилди. 

Академия ректори У.Ғафуров амалиёт объектидаги шарт-шароитлар билан танишар экан, талабаларнинг бандлигини ўз вақтида таъминлаш ҳамда амалиёт жараёнларини самарали ташкил этиш доимий назоратда эканини таъкидлади. 

Шунингдек, кадр буюртмачилари ва ҳамкор ташкилотларнинг академия талабалари тўғрисидаги фикр ва таклифлар ҳам батафсил ўрганилди. Келгуси ўқув йилидаги ўқув дастурларини яратишда буюртмачи ва ҳамкор ташкилотларнинг таклифларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги яна бир бор билдирилди. 

Н.Усмонова, ЎзА