Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Huawei ME&CA компанияси президенти Йи Сян ўртасида иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳаларга рақамли технологияларни жорий этиш, технологияларни модернизация қилиш бўйича келгуси ҳамкорликни давом эттириш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.
Унда АКТ инфратузилмаси, тармоқларни рақамлаштириш, шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Учрашувда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида Ўзбекистонда маҳаллий алоқа операторлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, соҳа мутахассисларининг АКТ кўникмаларини ошириш ва мавжуд АКТ академиялари ва «Seed for the Future» ташаббуси асосида ёш истеъдодлар учун таълим лойиҳаларини ўтказиш, шунингдек, маҳаллий олий ўқув юртларида рақамли технологияларни жорий этиш ҳақида сўз юритилди.

Учрашув якунида Huawei компанияси билан АКТ инфратузилмасини такомиллаштириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттириш, IT соҳасида ёшларнинг ўрнини янада ошириш бўйича таклифлар берилди.
Н. Раҳмонова, ЎзА