Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим дастурлари ва баҳолаш бўйича финляндиялик экспертлар билан тажриба алмашилди
12:23 / 2020-12-03

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 30 октябрь куни мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим сифатини ошириш бўйича жаҳон тажрибасида энг илғор мамлакатлардан бири сифатида Финляндия тажрибасини ўрганиш бўйича вазифалар белгилаб берилганди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Таълим инспекцияси томонидан финляндиялик мутахассислар билан қатор учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 2 декабрь куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Хелсинки университети вакиллари ўртасида Финляндия таълим тажрибасини ўрганиш бўйича навбатдаги онлайн семинар ўтказилди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев, бошлиқ ўринбосари Одил Қўйсинов, Финляндия Миллий баҳолаш маркази директори Ристо Хотулайнен, Миллий баҳолаш маркази маслаҳатчиси Циркку Купиайнен ва тестология бўйича халқаро эксперт Марк Зелман ҳамда инспекциянинг тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев Финляндия таълим тажрибасини ўрганишнинг Ўзбекистонда таълим сифатини янги даражага олиб чиқишдаги аҳамияти юқори эканлигини таъкидлаб, бу борада ўз билим ва тажрибаси билан ўртоқлашаётган халқаро экспертларга миннатдорчилик билдирди.

Семинар давомида Финляндия Миллий баҳолаш маркази директори Ристо Хотулайнен бошланғич таълимда ўқув дастурлари ва баҳолашлар бўйича тақдимот ўтказиб, бу борада мамлакатда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Финляндия таълим тизими ва унинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди. Бунда, бошланғич таълим тизимининг ўрни, мактаб ва ўқитувчиларнинг мустақиллиги, барча мактаблар тенг шарт-шароитларга эгалиги ва тўлиқ давлат томонидан молиялаштирилиши, текширувларнинг мавжуд эмаслигига алоҳида урғу берди. Шунингдек, ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар учун махсус уч босқичли қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилиши ҳақида таъкидлаб ўтди. 

Бундан ташқари, ўқувчиларни меҳнат бозорига тайёрлаш жараёнида таълим тизимининг ташкил этилиши, миллий ўқув дастурининг таълим жараёнларига татбиқ этилиши ва унинг маҳаллий ўқув дастурларига сингдирилиши каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Финляндия Миллий баҳолаш маркази маслаҳатчиси Циркку Купиайнен умумий ўрта таълим дастурлари бўйича тақдимот ўтказиб, бу борада фин тажрибасининг ўзига хосликлари билан ўртоқлашди. 

Хусусан, мактаб битирувчилари топширадиган якуний имтиҳонлар ҳақида алоҳида тўхталиб, ҳозирда Финляндияда бу жараён рақамлаштирилганлиги, яъни ўқувчилар имтиҳонларни компьютерда топширишини таъкидлади. 

Мутахассис Финляндияда таълим муассасасига инновациялар киритиш жараёни ҳақида тўхталар экан, қизлар ўғил болаларга нисбатан яхшироқ натижалар кўрсатиши, ўғил болалар асосан тилларни ўзлаштириш бўйича устуворлик қилишини айтиб ўтди.

Тадбир якунида экспертлар семинар давомида тақдимот ўтказилган мавзулар юзасидан ўзбекистонлик мутахассислар томонидан берилган саволларга жавоб беришди ҳамда бу борада Финляндия тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш юзасидан мулоҳазаларини билдириб ўтишди.