Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талаблар тизимда ҳалоллик, профессионаллик ва хизмат одобини таъминлайди
14:46 / 2026-02-20

Замонавий иқтисодий муҳитда ташкилот ва муассасаларнинг барқарор ривожланиши аввало инсон капитали сифати ва салоҳиятига боғлиқ.

Технологик жараёнлар тез суръат билан ўзгариб, рақамлаштириш ва бошқарув усуллари такомиллашиб бораётганлиги давлат органларидан юқори малакали, замонавий фикрлайдиган кадрларни талаб этади. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси тизимида кадрлар сиёсати устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилган.

–   Сирдарё вилояти солиқ хизмати органларида ҳозирда 315 нафар ходим фаолият юритмоқда,  –  дейди Сирдарё вилояти солиқ бошқармасининг бўлим бошлиғи Илғор Халилов.  –  Улар орасида 36 нафари аёллар бўлиб, бу жамоада гендер мувозанати ва хотин-қизларнинг фаол иштироки таъминланаётганини кўрсатади. Кадрлар билан таъминланганлик кўрсаткичлари ҳам ижобий динамикада: 2025 йил бошида 23 та штат вакант бўлган бўлса, 2026 йил бошига келиб бу рақам 15 тагача камайди — яъни бир йилда вакант ўринлар сони 8 тага қисқарди. Бу эса амалга оширилаётган мақсадли кадрлар сиёсати самарадорлигини очиқ кўрсатади.

Солиқ хизмати органларига ишга қабул қилиш жараёни тўлиқ электрон шаклда, vacancy.gov.uz портали орқали амалга оширилмоқда.  Бу механизм очиқлик ва шаффофликни таъминлаб, муносиб номзодларни танлов асосида саралаб олиш имконини беради. Қабул қилинаётган номзодлардан иқтисод ёки ҳуқуқ соҳалари бўйича олий маълумот, Ўзбекистон фуқаролиги, ҳуқуқий лаёқат ва ишчанлик обрўси талаб этилади. Жиноят содир этганлиги учун судланган, ҳуқуқий лаёқатсиз деб топилган ёки меҳнат қонунчилиги асосида ишдан бўшатилган шахслар қабул қилинмайди. Бу талаблар тизимда ҳалоллик, профессионаллик ва хизмат одобини таъминлайди.

–   Малака ошириш жараёнлари ҳам изчил йўлга қўйилган. Амалдаги тартибга кўра, ҳар бир ходим камида уч йилда бир маротаба малака ошириши шарт. 2025 йил давомида ходимларнинг қарийб 40 фоизи турли ўқув курсларида иштирок этди. Натижада иш фаолиятидаги хатоликлар икки бараварга камайди, ходимларнинг ўртача солиқ йиғиш кўрсаткичи эса 22 фоизга ошди,  –   дея таъкидлайди Илғор Халилов.

Йил давомида қатор ўқув ва амалий семинарлар ҳам ташкил этилди. Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 23 нафар ходим “Корхонабай тизими” бўйича билимларини мустаҳкамлади. Янги рақамли инструментлар юзасидан ўтказилган сайёр ўқув курсларида 15 нафар мураббий 20 нафар ходим билан амалий машғулотлар олиб борди. Халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган 11 та семинарда 100 нафар ходим иштирок этди. Ушбу тадбирлар рақамли иқтисодиёт талабларига мос, таҳлил қила оладиган ва замонавий ёндашувларга эга мутахассисларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Малака ошириш курслари нафақат касбий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлайди, балки иш сифати ва унумдорлигини оширади, ходимларнинг ўз касбига бўлган ишончини кучайтиради, ташкилотга садоқат ва масъулият ҳиссини мустаҳкамлайди. Натижада хизмат кўрсатиш маданияти юксалиб, солиқ тўловчилар билан муносабатлар янада яхшиланмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири