Сарвар Пармоновнинг исми Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали талабалари учун бегона эмас. Чунки Сарвар талабалар онгига ҳақиқий кўтаринки руҳ ва қайноқ ҳаётга муҳаббат иштиёқини сингдира оладиган, лекин ўзи бу босқичга етиб келгунга қадар бир қанча довонларни ошиб ўтган оддий бир йигит. У билан қилган суҳбатимиз орқали қалбидаги ватанпарварлик, билимга кучли ташналик мавжудлигини билиб олдик.
— Ҳар бир инсоннинг илм йўлида йўлчи юлдузи бўлади. Сизнинг бу йўлдаги юлдузингиз ким бўлган?
— Мактабни тамомлаб, 2011 йилда Навоий давлат кончилик институтига ўқишга кирдим. 2015 йил бакалаврни, 2016-2017 йиллар магистуратурани тугатдим. Илм йўлига киришимнинг асосий сабаби бакалаврнинг 2-курсида ўқиб юрган кезларим факультетга профессор Ғайбулло Сатторов таклиф қилиниб, у билан талабалар учрашуви ташкил этилди. Суҳбат давомида Ғайбулла Сатторовнинг ҳақиқий илм эгаси эканлигини англаган бўлсамда, унинг ташқи кўриниши жуда содда ва ўта даражада одми кўрингани боис, профессорлар шунақа кўринишда бўладиган бўлса, илм йўлидан кетмайман, деган хулосага ҳам келганман. Кейинчалик магистратурага ўқишга кирганимда шу инсонга шогирд бўлиш бахтига муяссар бўлдим. У киши қарорим ва мақсадларимни бутунлай ўзгартириб юборди. Илмий раҳбарим сифатида бугунги эришаётганларим замирида уларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этишим жоиз.
Ташқи кўриниш доим алдамчи бўлади. Бир кўришда одамга баҳо бериш энг катта хато эканлигини мен Ғ.Сатторов хонадонига борганимда тушуниб етдим. У киши хонадонидаги мўъжаз илм оламига олиб кирганларида, уларга ҳурматим ва меҳрим чексизликка айланди. Уйида ўзи учун алоҳида дарсхона қилинган бўлиб, китоблари бисёр эди. Икки йил давомида домла билан илмий ишимда бирга изландик.
Афсуски, домланинг охирги магистр шогирди мен бўлдим. Ҳозир улар орамизда йўқ, лекин улар улашган илм зиёси ҳар бир шогирди тилида, қаламида порламоқда.
— Суҳбат орасида отангиз жуда қаттиққўл бўлгани ҳақида айтиб ўтдингиз. Отангизнинг қаттиққўллиги сизга фойда бердими ёки...?
— Аслида менинг мана шу натижаларга эришишимга дадам сабабчилар. Улар шунақа инсон эдиларки, қарорлари сўзсиз бажарилар, муҳокама қилинмасди. Бизнинг ўқишимиз борасидаги қарорларида ҳам қатъий турар, бу эса биз учун бир марталик имконият бўлиб, буни бой берсак, ўзимизнинг эртанги кунимизга “ҳукм” ўқиган бўлар эдик. Чунки дадамда шунақа фикр бор эди: “Мактабда 11 йил ўқиган ўқувчи, олий таълимга муаммосиз кириши керак. Давлат ўқувчилар учун ўқитувчиларга пул тўлаб, 11 йиллик бепул таълимни жорий этган, бу вақтда эгалланган билим билан бемалол ўқишга кириш мумкин”.
Дадам мен икки марта ўқишдан йиқилганимда, мактабда эгалланган билим билан олий таълимга кириш имконсиз эканлигини англаб етганлар. Лекин тайёрлов курсларига боришимга қаршилик қилганлар. Аслида моддий жиҳатдан ўзимизга тўқ яшаймиз. Дадам муҳандис, онам шифокор. Бироқ дадам ўз билимимиз билан ўқишга киришимизни талаб қиларди.
Ўша вақтларда тракторимиз бўларди. Ўқишдан йиқилганим, бунинг устига доимий тракторда ер ҳайдаб юришлар мени ўқишга кириш иштиёқимдан қайтара олмаган. Синфдошлар билан учрашувим эса ичимдаги чўғни алангалатди. Ҳамма институтга кирганлар оқ кўйлак, костюм шимда, камина эса оддий кийимда, яъни топганимни кийганман. Мактабда ўзимдан паст ўқиган синфдошларимнинг олий таълимда ўқиётгани ёмон таъсир қилган. Шундан сўнг маҳалламдаги кимё-биология фани ўқитувчисига қўшимчага қатнай бошладим. Албатта, дадам бундан бехабарлар.
— Далада трактор ҳайдаб юрган йигит қандай қилиб талаба бўлиб қолди? Ахир ўқишга кириш учун яхшигина тайёргарлик, бунинг учун вақт керак?
— Тўғри айтасиз, далада иш кўп бўлади. Тайёргарлик учун эса вақт оз. Бир куни қўшнимизнинг уйдан 7 км узоқликдаги ерини ҳайдаб беришимга тўғри келди. Далага бордим. Тракторни ўша ердаги тепаликда қолдириб, бир чўпоннинг велосипедини олиб, (китобларим доим ўзим билан бўлган) қўшимчага етиб бордим. Телефон тракторда қолиб кетгани учун, қўшнимиз дадамга телефон қилиб, трактор бўш тургани ва мен йўқлигимни айтган.
Ўша вақтда ҳам вақтимни телефондан қизғонар эдим. Дадамга ер ҳайдаганда олган пулни берган вақтимда эса кеча “палон соатдан палон соатгача қаерда эдинг”, дедилар. Шунда тўғрисини айтишга мажбур бўлдим. Лекин биринчи ўринда трактор ишини битиришимни, ундан ортган вақтдагина қўшимчага боришимни айтдилар. Рози бўлдим.
Бир куни уйда китоб ўқиб ўтирсам, дадам “сен биринчи тайёрлов жараёнидаёқ келадиган машаққатдан ўқишни ташлаб кетасан. Бу йил охирги марта топширишинг, киролмасанг, бошқа топширмайсан”, дедилар. Индамадим. Киролмасам бир умр тракторчи бўлиб қолишим мумкин эди. Дадамнинг қаттиққўллиги, бир марталик имконият сабаб жуда қаттиқ тайёрландим ва ўқишга кириш бахтига муяссар бўлдим.
Ҳозир ҳаётдаги қийинчиликлардан ё айланиб ўтаман, айланишга йўл бермаса сакраб ўтаман, сакрашга изн бермаса, бузиб ўтаман. Лекин қайтмайман. Барибир йўлини топаман. Аслида бугунги муваффақиятларимга дадам сабаб бўлган эканлар. Ҳозир улардан жуда ҳам миннатдорман.

— Айтинг-чи, талабанинг сиртқи ёки кундузгида ўқиши билим савиясини қандай белгилайди?
— Устоз сифатида шуни айта оламанки, талабанинг сиртқи ё кундузгида ўқиши уни билим савиясини белгиламайди. Бу нарса ҳар кимнинг ҳаракатига боғлиқ. Чунки тажрибамдан биламанки, айрим сиртқида ўқийдиган талабаларнинг илм савияси кундузгиларникидан юқорироқ. Агар инсон ўзининг устида ишласа, ҳамма нарсага эришиши мумкин. 200 соатлик илм ўрганасизми ё 50 соатлик, бу ерда энг асосий омил сизни нима хоҳлаётганингизга боғлиқ. Битта гуруҳда 30 нафар талаба бор. Шуларнинг 25 нафарининг умуман дарсга хоҳиши йўқ, 5 нафари ўқишни хоҳлайди. Яхши ёки ёмон ўқитувчи кирадими, уларга фарқи йўқ.
Олий таълим муассасасида фақат умумий билимлар берилади. Нафақат фан нуқтаи назаридан, ҳаётда ҳам умумий билимларни берамиз. Фикрларим тушунарлироқ бўлиши учун бир мисол: ўзим биладиган инсонлар орасида ҳеч қаерда ўқимаган, олий маълумотга эга эмас, лекин ўз соҳаси бўйича кучли мутахассислар бор. Демоқчи бўлганим, олий таълимда ўқиш дегани, эртамиз учун малакали кадр тайёр, дегани эмас.
— Олий таълимда талабаларнинг дунёқарашини ошириш учун нималарга эътибор бериш зарур деб ўйлайсиз?
— Биз олий таълимда талабанинг умумий дунёқарашини оширишимиз, маълум бир муаммодаги аниқ ечимларни ҳосил қилишга кўникма ҳосил қилишимиз даркор. Чунки биз 30 та муаммонинг ечимини беришимиз мумкин, бироқ кўникма бермасак, 31-муаммода талаба тўхтаб қолади. Шунинг учун биз муаммога ечим эмас, уни ечиш йўлларини талаба онгида босқичма-босқич шакллантириб, мия функциясида кўникма ҳосил қилишимиз керак. Шундагина талаба юзага келган масаладан қочиш ўрнига, унга ечим излай бошлайди. Уларда ўзига бўлган ишончни шакллантириш лозим.
Билмайдиган кадр бўлиши мумкин, аммо унда ўзига ишонч кучли бўлса, келажакда ОАВ, интернет ва китоблардан ўзига керакли маълумотларни топиб олиб, билимини мустаҳкамлай олади. Аммо ўзига бўлган ишонч пайдо бўлмаса, 100 фоизлик ахборот берилган тақдирда ҳам у ҳеч нарсани билмайди.
— Хориждаги олий таълим муассасаларининг қайси жиҳатларини ўзлаштириш керак, деб ҳисоблайсиз?
— Гарвард ва Оксфорд олий таълим муассасалари қандай шаклланаётгани ва у ерга киришда қўйиладиган талабларга қизиқаман. Уларнинг менга ёққан талабларидан бири “Сен шу вақтгача нималар қилдинг, омма билан қандай ишладинг, қанақа танловларда қатнашгансан, нима сабабдан биз сени танлашимиз керак”, дея абитуриентни саволга тутишидир. Эътибор қилинг-да, мустақил фикри, аниқ мақсади бўлганларгина бу олийгоҳларнинг талабаси бўла олиши мумкин. Чунки у ерга жуда кўп инсонлар ҳужжат топширади. Унга фақат билимнинг ўзи камлик қилади. Билими ҳам, инглиз тилини билиш даражаси ҳам, дунёқараши ҳам баҳоланади.
Олий таълим ҳам қабул вақтида шундай методга ўтиши даркор. Бугуннинг бозори шуни талаб қилаяпти. Хусусий университетлар ҳаётимизга кириб келди, ОТМ раҳбарияти ҳақиқатан ҳам келажагини ўйласа, ҳаракатни жадаллаштириши даркор. Агар таълим тизимида ўзгартиришлар қилинмаса, яқин 5 йилда хусусий университетларга талабаларни бой бериб қўйиш даври келиши мумкин.
Профессор-ўқитувчиларимизни дунёга олиб чиқиш керак. Дунё кўрган устоз дунёларча билимни етказиб бера олади. Умуман, қобиқдан ташқарини кўра олган инсонда дунёқараш жуда кенг шаклланади.
Шу ўринда инглиз тили фанини ТДТУ кириш имтиҳонларига қўшиш керак, деган таклифни берардим. Чунки инглиз тили ё рус тили, умуман тил билган мутахассисда барибир кўникма кенгроқ ривожланган бўлади. Шахсан ўзим ҳам инглиз тилини билмаганимда, 2020 йил Жанубий Кореяга амалиётни (стажировка) ютмаган бўлар эдим. Ўша вақтдан бери тилни ўрганиб келаяпман. Хорижга чиқиш истаги менга мотивация берди.
— Илмий ишингиз ҳамда ихтироларингиз ҳақида билиш барчамиз учун қизиқ. Шу ҳақда ҳам сўзлаб берсангиз?
— Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб юрган вақтимда илмий иш олишни, мавзуим долзарб ва қайсидир ташкилотга фойдаси тегадиган мавзу бўлишини истаганим учун илмий раҳбар излаб Тошкентга келдим. ТДТУда устозим билан мавзуни белгиладик.
Илмий ишимда 1400 даражада ишлайдиган печь ихтиро қилдик. Ихтиро қилдик дейишимга сабаб, биз қилган конструкция бўйича печ ясаш ҳали амалиётда қилинмаган экан. Буни келажакда ишлаб чиқиб, техника йўналишида дарс берадиган олий таълим муассасаларига татбиқ қилиб кўрмоқчимиз. Агар лойиҳалар бўйича грантлар эълон қилинадиган бўлса, шу мавзуни бериб, грант ютиб олгач, печкани янада замонавий қилиб ишлаб чиқишни йўлга қўйиш ниятим бор. Ўзбекистонда илм қилиш учун ҳамма имкониятлар бор.
Жорий йил 6-10 февраль кунлари Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида ШҲТ Ёш олимларининг иккинчи конклавида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 6 нафар ўзбекистонлик ёш олимлар иштироки ҳам ташкиллаштирилди. Уларнинг орасида мен ҳам борлигим менга жуда катта мотивация бўлди.
Н. Раҳмонова суҳбатлашди