Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалик – ҳаётимдаги энг улуғ бурилиш
12:08 / 2025-09-10

Мен учун талабалик – бу оддий босқич эмас, балки умримнинг энг муҳим ва масъулиятли палласи. Инсон ҳаётида баъзан шундай кунлар бўладики, улар бутун келажак йўлини белгилаб беради. Мен учун ана шундай кун – Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалига талаба сифатида қадам қўйган кун бўлди.

Мен улуғ аждодлар маскани – Хоразм воҳасидан келганман. Буюк орзулар ва эзгу мақсадлар мени бу замонавий таълим даргоҳига етаклади. Бу ерда мен нафақат билим олиш, балки мустақил фикрлаш, меҳнат қилиш ва орзуларимни амалга ошириш учун кенг имкониятларга эга бўлдим. Давлат гранти асосида юқори балл билан талаба бўлиш мен учун фахр, шу билан бирга, катта масъулиятдир. Чунки бу имконият – юрт раҳбариятининг ишончи, устозларимнинг умиди ва ота-онамнинг орзусидир. Шу боис мен ҳар бир дарс, ҳар бир изланиш ва ҳар бир натижам орқали бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

Филиалда яратилган шарт-шароитлар, талабалар учун янгиланган аудиториялар, замонавий лабораториялар ва маънавий муҳит мени янада кўпроқ интилишга ундамоқда. Бу ерда устозларимнинг меҳри, дўстларимнинг қўллаб-қувватлаши орқали ўз қобилиятимнинг янги қирраларини кашф этяпман.  

Дарҳақиқат, бугунги кунда ветеринария ва чорвачилик соҳаси мамлакатимизда жадал ривожланмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса мен каби ёшлар учун катта масъулият, бир вақтнинг ўзида эса беқиёс имкониятдир. Чунки бизга берилган ҳар бир дарс, ҳар бир тажриба – келажакда соҳа равнақига муносиб ҳисса қўшишимизни таъминлайди. Айниқса, бугунги кунда ветеринария ва чорвачилик соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга йўналиш сифатида жадал ривожланмоқда.  

Юртимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш жараёнларида ушбу соҳа ҳал қилувчи омил сифатида намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ислоҳ қилиш, замонавий илмий ёндашувларни татбиқ этиш, мутахассис кадрлар тайёрлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса биз ёшларга улкан масъулият юклайди. Чунки бугун олаётган билимимиз, эгаллаётган тажрибамиз ва изланишларимиз келажакда мамлакат тараққиёти ҳамда халқ фаровонлиги учун хизмат қилади.

Шубҳасиз, бизга яратилган имкониятлар – бу беқиёс неъмат, шу билан бирга, юксак ишончдир. Шу боис мен каби ёшлар учун ҳар бир дарс, ҳар бир тажриба – фақат шахсий ютуқ эмас, балки соҳа равнақига муносиб ҳисса қўшиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Менинг асосий мақсадим – келажакда билимли, масъулиятли ва соҳага садоқатли мутахассис сифатида халқимга фойдали инсон бўлиш. Билим олиш – бу нафақат шахсий орзу, балки жамият олдидаги бурчдир. Шу боис мен доимий изланиш ва тинимсиз меҳнат орқали мақсадларимга эришишга қатъий бел боғлаганман.  

Мен яхши биламанки, инсон ҳаётидаги энг катта мукофот – бу орзуларнинг амалга ошиши. Аммо орзулар фақат ҳаракат қилган, тинимсиз ўрганган ва юксак мақсадларга интилган ёшларгагина бўйсунади. Мен шу ўринда, яратилган имкониятлар учун давлатимиз раҳбариятига, устозларим ва университетимиз жамоасига ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Билдирилган ишонч – мен учун улкан бахт ва масъулиятдир.

Беҳрузбек Отабоев,

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,  

чорвачилик ва биотехнологиялар университети

Нукус филиалининг 1-курс талабаси,

ЎзА