Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Талабалик баҳори” ёшлар фестивалида афғонистонлик йигит-қизлар меҳмон бўлди
19:42 / 2022-06-02

Сурхондарё вилоятидаги энг йирик олий ўқув муассасаси – Термиз давлат университетида “Талабалик баҳори” ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Талаба-ёшлар учун ўзига хос байрамга айланган тадбирда университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Р.Тўраев, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори О.Шофиев ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, талабаларнинг ўқиб, изланиши, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар бўлиб улғайиши учун яратилаётган замонавий шароитлар ҳақида атрофлича фикр юритди.

Айни пайтда Термиз давлат университетининг кундузги, кечки ва сиртқи бўлимларида қарийб 26 минг талаба таълим олмоқда. Уларнинг ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганишлари учун барча шароит мавжуд. Шунингдек, жисмонан соғлом, маънан баркамол камолга етиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун турли клуб ва тўгараклар фаолият юритмоқда.

–Клуб ва тўгаракларда фаол иштирок этаётган иқтидорли талаба- ёшларимиз ўз салоҳиятини кенг намоён этиб, номдор стипендиялар танловларида ғолиб бўлмоқда, – дейди Термиз давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Обид Шофиев. – Нуфузли спорт мусобақалари, фестиваль ва кўрик-танловларда фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Буларнинг барчаси сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳаси шу жумладан, талабаларга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир.

Мазкур фестиваль ҳам талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ёшларнинг бадиий салоҳиятини ривожлантириш, театр, мусиқа санъат, халқ анъаналари ҳамда бадиий адабиётга қизиқишини янада ошириш, таълим олаётган турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини яна мустаҳкамлашга йўналтирилгани билан тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, “Хон атлас жилоси” миллий либослар намойиши, “Қувноқлар ва зукколар” жамоаларининг чиқишлари, қизиқарли беллашувларга бой бўлган спорт мусобақалари, заковат интеллектуал ўйини, веломарафон, “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” номли эсселар, “Менинг университетим” номли расмлар ва “Китобхонлик” танловлари барчага манзур бўлди.

Фестивалда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази директори Ойбек Рўзиев бошчилигида қўшни давлатдан келиб ўқиётган талабалар меҳмон сифатида қатнашиб, университетда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Фестиваль доирасида ташкил этилган тадбирларни мириқиб томоша қилди. Талаба-ёшлар билан дилдан суҳбатлашиб, ўзаро фикр алмашди.

"Қизларжон клуби" нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Фитнес клуб, шахмат-шашка, тикувчилик ва стол тенниси хоналари фойдаланишга топширилди.

Кўрик-танловлар ғолиблари пул мукофоти ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири