Талабалик нафақат билим олиш, балки мустақил ҳаётга қадам қўйиш даври эканини яхши биламиз. Шу боис, талаба учун энг муҳим масканлардан бири — талабалар турар жойи ҳисобланади. У ердаги имкониятлар, муҳит ва хавфсизлик омили талабанинг нафақат ўқиши, балки психологик ҳолати ва ҳаёт тарзини ҳам белгилайди.
17 ноябрь – Халқаро талабалар куни муносабати билан Ўзбекистон Миллий университетида талабалар учун яратилаётган шароитларни янада такомиллаштириш, уларнинг хавфсизлиги, соғлом турмуш тарзи ва маънавий етуклигини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Университет раҳбарияти ва масъуллар томонидан талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонадонларида яшовчи ёшлар билан мунтазам мулоқот ва мониторинг ишлари йўлга қўйилган.

Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Жаббор Муҳаммадиев, молия ва иқтисод ишлари бўйича проректор Вали Ёдгоров ҳамда масъул бўлим вакиллари томонидан талабалар истиқомат масканларига ташриф буюрилиб, уларнинг турмуш шароити, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳолати ўрганилди.

Суҳбат давомида талабаларга иситиш тизимидан тўғри фойдаланиш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Мазкур ташрифларнинг мақсади — ёшлар ўзларини ёлғиз эмаслигини, уларнинг ҳар бир фикри, муаммоси ва эҳтиёжи эътибордан четда қолмаслигини ҳис этиши, шунингдек, талабалик йилларини мазмунли, хавфсиз ва самарали ўтказишларига кўмаклашишдан иборат.
Нигора Раҳмонова, ЎзА