Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабаларнинг Финляндияда таълим олиш масалалари муҳокама қилинди
20:15 / 2023-10-21

Таълимда фин тажрибасини қўллаш ва Финляндия стандартлари асосида дарсликлар яратиш каби масалалар кейинги вақтларда юртимизда кўп тилга олинади.

Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова бошчилигидаги делегация айни кунларда Финляндияда бўлиб, Турку университети проректори Калле Антти Суоминен ва бошқа бир қатор масъуллар билан учрашди.  

Унда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, магистратура ва докторантура босқичида таълим интеграциялашувини амалга ошириш юзасидан ўзаро келишувларга эришилди, дея хабар беради Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти ахборот хизмати.  

– Ривожланишнинг энг муҳим стратегияси, бу таълимни ислоҳ қилишдир, – дейди Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова. – Ҳозир мамлакатимизда бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Биз Финляндия таълим тажрибасини ўрганиб, мос жиҳатларини таҳлил қилган ҳолда педагогик амалиётга жорий этиш ва шу орқали таълим тизимимизни янгилаш ниятидамиз. Ҳамкорликда олиб бораётган лойиҳаларимиз тез орада ўз самарасини беришига ишонамиз.

Финляндиянинг Турку университети проректори Калле Антти Суоминен икки томонлама ҳамкорликдан мамнун экани, бу Турку университетининг халқаро алоқалари учун муҳим аҳамият касб этиши ва ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини билдирди.  

Мулоқот давомида Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти талабалари ва тадқиқотчилари учун грант ва стажировкалар ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.  

Абдулазиз РУСТАМОВ,

ЎзА