Инновацион ривожланиш вазирлигида Ёшлар академияси аъзоларининг инновацион ғоялари, технологиялари ва лойиҳалари кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова очиб берди.
Мазкур учрашувда «Академик ҳаракатчанлик» дастури доирасида ғолиб деб топилган 13 нафар ёш тадқиқотчиларга сертификатлар топширилди. Қайд этилишича, ўз илмий ишларини бошлаган мазкур ёш олимларга республика ҳудудидаги олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва лабораторияларда қисқа муддатли амалиёт ўташ имконияти тақдим этилади.

– Бугунги кунда ёшларимиз жуда кўп яхши ғоялар, лойиҳаларни амалга оширмоқда, - дейди Ш.Турдиқулова. - Айниқса, вилоятлардаги ёшларнинг иштиёқи жуда баланд. Улар таклиф қилаётган стартаплар, лойиҳалар, ташаббуслар ҳаммаси давлатимизни ривожланишига ҳисса қўшишга қаратилган.
Амалиёт харажатлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида тегишли шартномага асосан молиялаштирилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, шу давр ичида ташкилот томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли аниқлаш ва муносиб тақдирлаш, уларинг таклифларини ўрганиб, тўғри йўналтириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда 3000 нафардан ортиқ инновацион лойиҳалар ва ғояларга эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. 2021 йилдан бошлаб «Бўлажак олим» танлови ташкил этиб келинмоқда. Шу кунга қадар 63 та лойиҳа муаллифлари 12 миллиард сўмга қўллаб-қувватланди.

Тадбирда 2022 йилги “Student Idea Challenge 22» танлови, унда иштирок этиш шартлари ва имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Мазкур танловда аниқ бир ғоя ёки лойиҳага эга бўлган 4 кишидан иборат бакалавр ёки магистратура талабалари жамоалари иштирок этиши мумкин. Энг сара лойиҳаларга 10 000 АҚШ долларигача грант маблағлари ажратилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА