Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга сифатли таълим бериш билан бир қаторда, бўш вақтлари бандлигини таъминлаш муҳим вазифа.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 4 мартда ўтказилган “Олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш орқали уларнинг турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишида ҳам бу йўналишда муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам талабаларнинг бандлигини таъминлаш, ўз йўналишларига мос иш жойини топишга кўмаклашиш мақсадида «Карьера куни» Меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирда республика, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасидаги 100 га яқин ташкилот, муассаса, корхоналар ва йирик тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида иш берувчи ташкилот вакиллари ўзларининг бўш иш ўринлари ва ташкилоти ҳақида кўргазмали ҳамда тарқатма материаллари билан талабаларни таништиришди.

Тадбирда университетнинг Иқтисодиёт, Математика, Амалий математика ва интеллектуал технологиялари ҳамда Физика факультетларидан ишга жойлашиш истагидаги жами 1 500 дан ортиқ талаба-ёшлар иштирок этди. Шунингдек, меҳнат ярмаркаси давомида "НЕОМ International Skills Development Council" ташкилоти бош директори Насим Аҳмад бошчилигида университет Иқтисодиёт, Математика, Амалий математика ва интеллектуал технологиялари ҳамда Физика факультетлари талабалари учун мастер-класс ўтиб берилди. Ушбу мастер классда 100 дан ортиқ талабалар иштирок этди.
Бу каби Меҳнат ярмаркалари университетда давомий тарзда ташкил этилиши режалаштирилган.
Файзулло Яҳёев, ЎзА