Термиз давлат университети ўтган йил кундузги таълим йўналишида ўқиётган ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли талабаларни моддий рағбатлантириш учун қарийб 2 миллиард 688 миллион сўм маблағ сарфлади.
Мазкур маблағнинг 1 миллиард 299 миллион 647 минг сўми ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, чин етим, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар ва оиласи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтар” ига киритилган талабаларга берилди. 1 миллиард 387 миллион 448 минг сўми жамоатчилик ишларида фаол, аъло баҳоларга ўқиётган, халқаро, республика ва университет миқёсидаги танлов ҳамда мусобақаларда ғолиб бўлган талаба йигит-қизларга ажратилди.
Бу ҳақида бугун Сурхондарё вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Термиз давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Талабаларнинг дарслардан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, моддий рағбатлантириш ва маънавий-маърифий соҳада ўтган йили амалга оширилган ишлар якунига бағишланган анжуманда Президентимиз ғояси билан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида ўтказилган мусобақа, кўрик-танлов ва бошқа тадбирларнинг талабаларни турли йўналишларда изланишга ундаб, уларнинг маънан етук, жисмонан соғлом камолга етказишдаги ўрни тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
– Якунланган йил олий таълим муассасамиз талабалари учун қизиқарли тадбирлар ва ютуқларга бой бўлди. Шунингдек, эҳтиёжманд талабаларни қўллаб-қувватлаш ва фаол, иқтидорли талабаларни рағбатлантиришга эътибор янада кучайтирилди, – дейди ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича биринчи проректор О.Шофиев. – Ўтган йили май ойида университетда илк марта “Талабалар баҳори” талаба-ёшлар фестивалини ташкил этдик. Май ва ноябр ойларида талаба ёшлар ўртасида “Ректор кубоги” спорт мусобақалари ва турли танловлар ўтказилди. Спорт мусобақаларида талабаларимиз спортнинг 10 тури бўйича ғолиблик учун куч синашди. Китобхонлик, иншолар, расмлар, видеороликлар, интеллектуал ўйинлар, шеърхонлик каби танловларда эса иқтидорли, истеъдодли талабаларимиз ўзаро беллашиб, ўз маҳоратини намойиш этди. Ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли талабаларни моддий рағбатлантириш учун қарийб 2 миллиард 688 миллион сўм маблағ сарфланган бўлса, ижара ҳуқуқи асосида яшовчи талабаларнинг 2 миллиард 263 миллион 710 минг сўм миқдоридаги ижара тўловлари қоплаб берилди. Талабалар турар-жойларида яшовчи 137 нафар имконияти чекланган, 25 нафар чин етим ва боқувчисини йўқотган, 30 нафар “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” да турувчи талабалар турар-жой тўловларидан озод қилинди. Вилоятдаги энг йирик олий таълим муассасаси – Термиз давлат университетининг кундузги, кечки ва сиртқи бўлимларида 26 мингдан ортиқ йигит-қиз таълим олмоқда. Уларнинг 12 мингдан зиёди кундузги таълим йўналишларида ўқиб, ўзлари танлаган мутахассислик сирларини чуқур ўрганаётир. Талабаларга 673 нафар профессор-ўқитувчи шунингдек, мамлакатимиз пойтахти ва хориждан таклиф этилган тажрибали устозлар таълим бермоқда. 80 га яқин бўлғуси ёш олим илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Матбуот анжуманида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат каби соҳаларда эришилган ютуқлар, мамлакатимиз бўйлаб талабалар учун ташкил этилган саёҳатлар, маҳаллалар билан ҳамкорлик алоқалари йўналишларида қўлга киритилган натижалар хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири