Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар Зомин ва Янгиободда тадқиқот ўтказди
13:31 / 2022-06-18

Халқимизнинг келиб чиқиши, этник тарихи, моддий ва маънавий маданияти минг йилларга бориб туташади.

Теран илдизларга эга маданий ўтмишимиз, урф-одат ва анъаналаримизни мукаммал билиш эса миллий ўзликни англашга кўмаклашади. Уларни илмий жиҳатдан ўрганиш ва кенг тарғиб этиш ушбу улуғ вазифанинг рўёбга чиқишига ҳисса қўшади. Айни шу жараёнда илмий этнологик экспедициялар янги билимлар манбаи сифатида хизмат қилади.

Албатта, миллат ва элатларни амалий жиҳатдан ўрганиш мақсадида ўтказиладиган тадқиқот ишларини тўғри йўлга қўйиш, қийинчиликларни олдиндан ҳис этиб, унга маънан ва жисмонан тайёр бўлиш элшунослардан назариётни амалиёт билан мунтазам мустаҳкамлаб боришни талаб этади.

Талаба-ёшларни олдинги тадқиқотлар камчиликларидан тўғри хулоса чиқариб, муаммолар­ни ўз вақтида бартараф эта олиш малакасига эга мутахассис қилиб шакллантиришни устувор вазифа қилиб қўяди. Бу жараёнда илмий этнологик экспедициялар айниқса қўл келади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Миллий университети Антропология ва этнология кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда 2 босқич талабалари Жиззах вилояти Зомин туманида жойлашган Пишағор, Дуоба қишлоқлари ҳамда Янгиобод тумани Хўжамушкент қишлоғига этнологик экспедиция уюштирдилар. Ушбу жараённи манзилли ва мазмунли ўтказиш асосий вазифа этиб белгиланди.

Илмий этнологик экспедицияга тайёргарлик бутун ўқув йили давомида олиб борилди. Жиззах вилояти Зомин ва Янгиобод туманларида жойлашган Пишағор, Дуоба, Хўжмушкент қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги ўнлаб қишлоқлар аҳолиси билан боғлиқ тарихий, этнографик, статистик маълумотлар синчковлик билан ўрганилди, маълум илмий материаллар тўпланди.

Шунингдек, танланган жойнинг жуғрофий ҳолати, иқлими, сув манбалари, йўллари ҳақида маълумотларга эга бўлинди. Буларнинг ҳаммаси аҳолининг хўжалик фаолияти ҳақида тасаввур уйғотибгина қолмай, экспедиция вақтини аниқлашда ҳам қўл келди.

Албатта, кейинги йилларда соҳа вакиллари орасида узоқ муддатли тадқиқотлар ўрнига кўпинча қисқа муддатли экспедициялар уюштириш кенг тарқалмоқда. Ҳозирги кунда этнологлар асосий маълумотларни худди шу услубда тўплашмоқда.

Жумладан, Зомин, Янгиобод каби тоғли туманлар қишлоқларини қамраб олган мазкур экспедицияда ҳам қишлоқларнинг этимологияси, аҳолисининг этник таркиби, анъанавий ва замонавий хўжалиги, уй жойлари, кийим-кечаклари, тақинчоқлари, таомлари, оила ва оилавий муносабатлари, жамоа йиғинлари ва байрамлари, унутилиб бораётган урф-одат ва маросимлари, болалар ўйинлари ўрганилди. Бу – ўзбек халқининг маданий меросини сақлаб қолиш ва бутун дунёга тарғиб этиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

Бир сўз билан айтганда, икки ҳафталик илмий этнологик экспедиция ва амалиёт бўлажак этнолог-антропологларнинг касбий қизиқишлари ортишига, мустақил ва ижодий фикрлашлари ўсишига, илғор тажрибаларни ўрганишларига, фаолиятда ижодкор бўлишларига ҳисса қўшди.

Акбар БАБАБEКОВ,

«Антропология ва этнология» кафедраси мудири,

Равшан АБДУЗОҲИРОВ,

кафедра ўқитувчиси