Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар яқин дўстига китоб совға қилди
08:42 / 2022-04-22

Мамлакатимизда “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Термиз давлат университети ахборот-ресурс маркази ҳовлисида “Мен дўстимга китоб совға қиламан” деб номланган китоб ярмаркаси ташкил этилди.

Талаба-ёшларни китобхонликка қизиқтириб, китоб мутолаасига жалб этиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишга йўналтирилган тадбирда сўнгги йилларда юртимизда китобхонлик маданияти ва китоб мутолаасига қаратилаётган юксак эътиборнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритилди. Китоб инсоннинг фикрлаш қобилиятини ҳаракатга келтирадиган энг буюк кашфиётлардан бири экани таъкидланди.  

Ярмаркада Адиб Собир Тeрмизий номидаги Сурхондарё вилояти ахборот кутубхона маркази, “Траст арт – Дизайн” масъулияти чекланган жамиятининг “Китоблар олами” ҳамда “Book cafe” китоб дўконлари тадбир иштирокчиларига энг сара бадиий, илмий-оммабоп ва бошқа китобларни тақдим этди.  

– Китобхонликни оммалаштириш, йигит-қизларнинг китобга ўқишга қизиқишини ошириш, аввало, ёшлар ўртасида мана шундай муҳит яратишни тақозо этади, – дейди Термиз давлат университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Обиджон Шофиев. – Президентимизнинг ҳозирги глобаллашув даврида "Ёш китобхон" кўрик-танлови ёшларни китоб мутолаасига жалб этишнинг самарали воситаси эканига эътибор қаратганида чуқур маъно бор. Мазкур ташаббус қисқа вақтда мамлакатимиз бўйлаб кенг оммалашгани, ёшу-қарини қизиқтиргани бунга яққол мисолдир. Ана шундай эзгу муддаони назарда тутувчи бугунги ярмаркада ҳам талабаларимиз турли ихтисосдаги адабиётлар, айниқса, миллий ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларига талпиниб, уларни катта иштиёқ билан яқин дўстларига туҳфа қилгани барчага қувонч улашди. 

Байрамона кайфиятда ўтказилган китоб ярмаркасида Сурхондарё вилоятидаги энг йирик олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, тютор ва талаба-ёшлари фаол иштирок этди. 
 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  
ЎзА мухбири