Ўзбекистонда киберхавфсизликка ихтисослашган “Cyber university” давлат университетида “Мослашув ҳафталиги” бошланди. Мазкур олийгоҳ Президентимизнинг 2025 йил 20 январдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади глобал меҳнат бозорида киберхавфсизлик соҳасида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашдан иборатдир.
Шу билан бирга, олий таълим тизимини илғор чет эл тажрибаси асосида ислоҳ қилиш, таълим жараёнининг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш орқали республика эҳтиёжи учун ахборот ҳимояси, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш режалаштирилган. Бу орқали ёшларнинг рақамли технологиялар йўналишида билим олиши ва меҳнат бозорида рақобатбардош касб эгаллашига қўшимча имкониятлар яратилади. Тадбирда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов сўзга чиқиб, киберхавфсизликнинг миллий ва халқаро миқёсдаги стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

– Бугун киберхавфсизлик нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун стратегик аҳамият касб этмоқда. “Cyber university” юртимиз учун, балки минтақа миқёсида ҳам юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда муҳим роль ўйнайди. Келажакда Ўзбекистон ёшларини халқаро майдонда рақобатбардош мутахассис сифатида шакллантиришда муҳим олийгоҳ бўлишига ишонамиз, – дейди вазир Ш.Шерматов.


Шунингдек, тадбирда Stanford университети муҳандислик факультети Глобал онлайн таълим маркази ҳамда Хитойнинг Хидиан университети раҳбарияти вакиллари ҳам талабаларга илк ўқув йили муносабати билан табрик йўллади ва Нурафшон шаҳрида фаолиятини бошлаган янги олий таълим даргоҳига муваффақият тилаб, келгусидаги ҳамкорликларни янада кенгайтиришни билдирди.
А.Мусаев, ЎзА.