Юртимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Тоза шаҳар” акцияси ўтказилди.
Акция доирасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси ва талаба-ёшлари томонидан ижтимоий ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат анъаналарини янада мустаҳкамлаш мақсадида хайрия тадбири ташкил этилди. Ушбу эзгу ташаббус доирасида талаба-ёшлар маҳаллаларда яшовчи ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг уйлари ва унинг атрофидаги ишларни бажаришга кўмаклашди.

Тадбир давомида талабалар уй атрофини тартибга келтириш, тозалаш, чиқиндиларни олиб ташлаш каби ишларни бажариб, кексалар билан суҳбатлашди ва уларнинг дуо-фотиҳаларини олди.
Ушбу акция кексалар учун қулайлик яратибгина қолмай, талабаларда меҳр-оқибат, масъулият туйғуларини кучайтириб, фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундай тадбирлар келгусида ҳам давом этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири