Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар учун янги имкониятлар
13:13 / 2025-03-20

Навоий давлат университетида “Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти бошқармаси томонидан талабаларни юртимизда яратилаётган янги имкониятлар билан таништириш мақсадида семинар ташкил этилди.

Бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини кучайтириш энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Бунда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтайди.

 Қарорга асосан “Келажакка қадам” дастурига старт берилди. Ушбу ташаббус доирасида ёшларнинг ўз касбий фаолиятини йўлга қўйишига кўмаклашиш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда иш билан таъминланишига амалий ёрдам бериш кўзда тутилган.

Тадбирда сўзга чиққан банк масъуллари мазкур дастур доирасидаги вазифаларни самарали амалга ошириш, ёшларнинг молиявий саводхонлигини юксалтириш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида сўз юритиб, битирувчи талабалар учун мўлжалланган молиявий имтиёзлар, жумладан, 7 йил муддатга 1 миллиард сўмгача бўлган имтиёзли кредит ажратиш тартиб-қоидалари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Мазкур кредит ёш тадбиркорларнинг илк бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиб, йиллик 17,5 фоиз ставкада тақдим этилади. 

Семинар давомида талабаларни қизиқтирган саволларга банк мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Тадбир сўнггида университет ва банк ўртасида талабаларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, уларни ишга жойлаштириш ва тадбиркорлик йўналишида қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири