Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талаба-ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт тўгараклари фаолиятини ёритиш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.
Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар иштирок этиб, институтда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва соғломлаштириш тадбирларини йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
– Бугунги кунда институтда 13 минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда, улардан кундузги таълим йўналишларида ўқиётган ёшларнинг 62 фоизи спорт тўгаракларига қамраб олинган.

Ўқув юртида спорт клуби, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт кафедраси томонидан ҳар бир факультет кесимида “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Талабалар лигаси”, “Универсиада”, “Вазир кубоги” ҳамда “Ректор кубоги” каби спорт мусобақалари мунтазам ўтказилади. Жами 9 та спорт тури – волейбол, баскетбол, футбол, шахмат, футзал, гандбол, кураш, енгил атлетика ва стол тенниси бўйича спорт тўгаракларида ёшлар мунтазам равишда спорт билан шуғулланмоқда, – дейди институт спорт клуби бошлиғининг ўринбосари Миралим Алланазаров.

Шу мақсадда институтда моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ёшлар учун қўшимча қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, замонавий стандартларга жавоб берадиган 300 ўринга мўлжалланган футбол стадиони, 100 ўринли баскетбол ва волейбол майдони, янги спорт мажмуаси ва спорт саройи, 2 та ёпиқ спорт зали, 2 та сунъий қопламали мини футбол ва очиқ спорт майдончалари талаба-ёшлар учун хизмат қилмоқда. Ана шундай шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланаётган талабалар спорт мусобақаларининг республика босқичларида, шунингдек, мамлакат биринчиликлари, Осиё ва жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришиб келишмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, “Универсиада” спорт мусобақаларида институт спортчи талабаларининг қўлга киритган ютуқлари натижасида 2019 ва 2023 йилларда институтга спорт анжомларидан иборат Президент совғалари топширилган бўлса, волейбол ва регби-7 спорт турлари бўйича институт талабалари мамлакатимизнинг терма жамоаси таркибида Осиё ва бошқа халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар спорт тўгараклари фаолияти, талабаларнинг қўлга киритаётган ютуқлари ва институтда яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири