Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар учун ижара машаққати осонлашмоқда
12:09 / 2024-08-29

Янги ўқув йили яқинлашиши билан талабалар аввало турар жой масаласини ҳал қилишга киришади. Ётоқхоналар тўла, катта шаҳарда бошпана топиш муаммо.

Статистика кўрсатишича, бугунги кунда 112 та олийгоҳда жами 338 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, уларнинг сиғими 127 минг 792 ўринни ташкил этади. Бундан ташқари, республика миқёсида 46 минг 252 ўринли 86 та талабалар турар жойини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан 31 минг 882 ўринли 59 таси давлат-хусусий шериклик асосида, 14 минг 370 ўринли 27 таси эса олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари доирасида барпо этилмоқда. Аммо ҳали ҳам талабаларни тўлиқ ётоқхона билан қамраб олиш имкони йўқ.

Белгиланган тартибга кўра, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига ойлик ижара тўловининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Хўш, талабалар қандай қилиб ижара уйлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши мумкин?

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати қуйидаги маълумотларни тақдим этди.

Қайд этилишича, 2024/2025-ўқув йили учун талабаларни муносиб кутиб олиш, ўқув йилининг дастлабки кунларида талабаларни турар жой билан тезкор таъминлаш бўйича юзага келадиган жиддий муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 1 августидан 10 сентябрига қадар бўлган муддат «долзарб қирқ кунлик» деб эълон қилинган.

Шунингдек, талаба ўзи таҳсил олаётган олийгоҳда ташкил этилган «Талабалар турар жойларига жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказлари»га (инфокиокслар) ташриф буюриб, олийгоҳ яқинида жойлашган ижара уйларининг манзили, нархлари ва бошқа қулайликлари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши мумкин. Ижара уйлар ҳақидаги маълумотлар янгиланиб боради. Ижара уйларига эга бўлишда учинчи шахс (маклер) аралашувига йўл қўйилмайди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Солиқ кодексининг 378-моддасида солиқ солинмайдиган даромад турлари келтирилган бўлиб, ушбу модданинг 19.1-бандида солиқ тўловчининг уй-жойларни талабалар учун ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солинмаслиги кўрсатилган. Мазкур асосга кўра, талабаларни ўз уйларига ижарага қўйиш орқали ижара ҳақидан даромад олаётган шахсларнинг ушбу даромадларидан даромад солиғи олинмайди.

Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда эса базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим бараваридан ошмаслиги белгиланган. Биринчи курс талабалари учун центябр ва октябрь ойларига ижара шартномалари талаб этилмайди.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА