Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда талаба-ёшлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Талаба-ёшлар меҳнат бозорига муваффақиятли кириб боришига шароит яратиш ва иш берувчилар билан бевосита мулоқот ўрнатиши мақсадида ташкил этилган тадбирда пойтахтимиздаги ОТМлар талабалари ва битирувчилари иштирок этиб, ўзларига мос иш ўринларини излаш, иш берувчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.


Тадбир доирасида 100 га яқин йирик иш берувчи ташкилотлар вакиллари, пойтахт ОТМлари раҳбарияти иштирок этиб, ёшлар бандлигини таъминлашда ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.


Жумладан, Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бўлим бошлиғи Жаҳонгир Раззақов пойтахт ҳокимлиги ҳузурида ишга жойлаштириш бўйича фаолият юритаётган call-марказ ишлари билан таништирди. Шунингдек,“Career Centre” лойиҳаси асосчиси Мирзиёд Мажидий иш берувчилар ва иш изловчиларни боғловчи платформа имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА