Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар учун 2 минг 500 ўринли янги ўқув биноси ишга туширилди
15:46 / 2023-09-06

Маълумки, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда олий таълим даргоҳида 22 мингдан зиёд талаба 24 таълим йўналиши, 18 та магистратура мутахассислиги бўйича кундузги, кечки ва сиртқи шаклда таҳсил олмоқда.

Университет тил соҳасида кадрлар тайёрлайдиган мамлакатдаги етакчи ОТМ ҳисобланади. Айни пайтда талабалар жами 17 та хорижий тил, жумладан, инглиз, немис, француз, испан, италян, голланд, грек, турк, араб, хитой, япон, корейс, форс, малай, индонез, ҳинд ва рус тиллари бўйича ўқитилмоқда. Университетда илмий даража ва унвон ҳамда хорижий тил сертификатига эга бўлган мингга яқин профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда.    

Иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари, меҳнат бозорининг талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб университетда 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб халқаро журналистика, сиёсатшунослик, араб тили бакалавриат таълим йўналишлари, халқаро журналистика, ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар қабули бошланди. 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб эса халқаро муносабатлар, социология, турк филологияси ва таржимаси соҳасида талабалар қабули йўлга қўйилди. Араб ва италян тиллари соҳасида магистратура мутахассисликлари очилди.  

Университетда қабул квотасининг ошиб бориши, ўқув биноларига бўлган эҳтиёжни ҳам пайдо қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида янги бино фойдаланишга топширилмоқда. Ушбу бино университетнинг  80,6 миллиард сўмлик бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қурилди.  

Эндиликда инглиз филологияси ва шарқ филологияси факультетлари талабалари барча қулайликларга эга бўлган ёруғ, шинам ва озода замонавий ўқув хоналарида сабоқ олишади. Шунингдек, бинода интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти яратилган бўлиб, ахборот-ресурс маркази ва ўқув зали мавжуд. Бир сўз билан айтганда, мазкур бинонинг ишга туширилиши ўқув жараёни ва мустақил таълимни ташкил этишда қатор қулайликларни яратади.    

 

Гулноза Бобоева,

ЎзА