Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар туризм форуми доирасида БМТ модели лойиҳаси ташкил этилди
11:54 / 2024-12-11

Пойтахтимизда 10 – 11 декабрь кунлари Талабалар туризм форуми доирасида “Янги Ўзбекистонда янги қадамлар” номли БМТ модели лойиҳаси ташкил этилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси ва Ёш туризм элчилари кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда 250 нафарга яқин талаба, ёш тадбиркорлар ва халқаро меҳмонлар иштирок этди.  

Тадбирнинг очилиш маросимида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов юртимизда сўнгги йилларда ҳукумат томонидан туризм соҳаси ривожи учун кўплаб имкониятлар яратиб берилганини таъкидлади.  

– Президентимизнинг қарор ва фармонлари билан туризм соҳаси ривожланиши учун кўплаб имкониятлар яратиб берилди, – дейди Азиз Абдуҳакимов. – Виза режими енгиллаштирилди. 2016 йилларда Ўзбекистонга бор-йўғи 9 та давлатдан визасиз кириш мумкин эди. Бугунги кунга келиб эса бундай давлатлар сони 94 тага етди. Ўзбекистон хорижлик сайёҳлар учун севимли масканлардан бирига айланди. Мамлакатимизга кўплаб машҳур халқаро брендлар кириб келди. Туристлар учун хизмат кўрсатиш сифати оширилди. Ўз навбатида ривожланиш билан бир қаторда миллий урф-одатлар, анъаналари ҳам сақлаб қолинди. Турли ҳудудларда фаолият кўрсатаётган этноқишлоқлар сайёҳларга халқимизнинг миллий қадриятларини танитиб келмоқда.  

Тадбир давомида юртимизда туризм соҳасининг ривожи ва унда ёшларнинг ўрни алоҳида экани, экология ва туризм соҳаларида иқтидорли эко-фаол ёшлар сони ортиб бораётгани қайд этилди. Соҳага оид муаммоларга самарали ечим топишда ёшларнинг ўрни мустаҳкамланиб, фикр-мулоҳазаларига катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.  

Ёш иштирокчилар ўртасида “Янги Ўзбекистон: барқарор туризм ривожланиши учун глобал ҳамкорлик” мавзусига доир турли масалалар муҳокама қилинди.  

БМТ модели лойиҳасида иштирокчи ёшлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида экология ҳамда туризм мавзуларини кенг доирада муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди.  

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА