Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 26 апрелда қабул қилинган “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, келажакда туризм соҳаси мутахассиси бўлиб етишиб чиқадиган талабалар ҳудудларда илмий амалиёт ўтамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Тошкент давлат транспорт университети талаба ва ўқитувчилари Қашқадарё вилоятининг Китоб, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларида илмий-экспедиция амалиётини ўтамоқда. Талабалар Шаҳрисабздаги меъморий объектларга ташриф буюрди. Хусусан, улар учун Амир Темурнинг устози дафн қилинган жой ва Кўк Гумбаз масжидига махсус экскурсия ташкил этилди. Бундан ташқари, улар Амир Темур номидаги Моддий маданият тарихи музейи ва Мақом музейи экспонатлари билан танишди.
Амалиёт доирасида талабалар ҳудудларнинг туристик салоҳиятини ривожлантириш ва уни тарғиб қилиш учун контент ва видеороликлар яратиш устида иш олиб боради. Бу материаллардан чет эллик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқишини ошириш учун фойдаланилади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади,
ЎзА.