English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар турар-жойлари янги ўқув йилига шайми?
21:26 / 2023-09-03

Наманганда янги ўқув йили олдидан Республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан омммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида олий ўқув юртлари талабаларини турар-жойлар билан таъминлаш масалаларига бағишланган пресс-тур ўтказилди.

Вилоятдаги тадбир Наманган шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасида жойлашган Наманган давлат университетида барпо этилаётган 400 ўринли талабалар турар-жойи қурилиши билан танишишдан бошланди.  

Университет ректори Собитхон Турғуновнинг қайд этишича, олийгоҳда 16 та факультет, 46 та кафедра, 67 та таълим йўналиши бўйича 25 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Уларга 735 профессор-ўқитувчи, 26 фан доктори, 214 фан номзоди сабоқ беради. Янги ўқув йилида талабалар учун талабалар турар жойидан 1060 жой ҳозирланди, ижара хонадонларида жам 644 хонадон эгалари билан келишув асосида 3574 талабага жой ажратилди.  

Умумий қиймати 25 миллиард сўмни ташкил этувчи янги талабалар турар-жойи етти қаватдан иборат бўлиб, бино том қисмига қуёш панеллари ўрнатилади. Бунинг натижасида узлуксиз ва тежамкор электр энергияси билан таъминланади. Бинонинг биринчи қаватида ўқув хонаси, ошхона, тиббий хизмат хонаси, спорт-соғломлаштириш ҳамда маиший хизмат кўрсатиш хоналари жойлашади.  

Тўртта хонанинг жисмоний имконияти чекланган талабалар учун қурилиши ҳамда уларда зарурий хоналарнинг мавжудлиги ногиронлиги бўлган шахсларга катта қулайликдир. Айниқса, ногиронлиги бўлган талабаларнинг турар-жой биносига кириб-чиқишларида қулай бўлиши учун пандуслар ўрнига кичик лифтга ўхшаш қурилмалар ўрнатилади. Мазкур объект келаси йил Наврўз айёмигача фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 2025 йилга қадар яна етти қаватли 400 ўринли талабалар турар жойи биносини ҳам бунёд этиш режалаштирилган.

Наманган муҳандислик-қурилиш институтида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар-жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2024 йилга қадар жами 1 минг 200 ўринли иккита талабалар турар-жойини барпо этиш белгиланган. Жумладан, 2022 йил 9декабрь куни тасдиқланган битимга кўра, Янги Наманган туманидаги Ислом Каримов кўчаси, 39-уйда жойлашган “Темирйўлчилар шифо маскани” оилавий корхонасига қарашли сиҳатгоҳга режалаштирилган қурилиши тугалланмаган уч қаватли бино давлат-хусусий шериклик асосида 300 ўринли талабалар турар жойига мослаштирилди.

Тадбиркор Мухторжон Мўйдиновнинг шахсий маблағи ҳисобидан 5 миллиард 300 миллион сўм инвестиция киритилиши натижасида ётоқхона биноси тўлиқ реконструкция қилиб, белгиланган жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди. Бинога келгусида яна қўшимча икки қават қуриш ва ўринлар сони 500 тага етказиш кўзда тутилган. Кейинчалик алоҳида саккиз қаватли 500 ўринли ётоқхона барпо этилади. Институт томонидан ётоқхонага эҳтиёжи мавжуд талабалар рўйхати шакллантирилиб, уларни жойлаштириш бўйича барча тегишли чоралар кўрилди.

Муаммо шундаки, 2022 йил 7 ноябрь куни тасдиқланган ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат йиғилиши баёнига асосан объект биносига 100 метр масофага табиий газ тармоғини тортиш ҳамда бинога кириш йўлагигача бўлган 600 метр квадрат йўлга қаттиқ қопламали асфальт ётқизиш вазифаси топширилган бўлсада, ҳанузгача мазкур вазифа “Ҳудудгаз таъминот” акциядорлик жамияти ва Автомобиль йўллари қўмитасининг вилоятдаги мутасадди раҳбарлари томонидан амалга оширилмасдан қолиб кетмоқда. Бу борада тегишли ташкилотлар ҳозирданоқ ишга киришмайдиган бўлса, қишли кунларда кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқариши бор гап.

2022 йил 4 декабрда имзоланган давлат хусусий шериклик келишуви битимига асосан “Нифрит импекс” масъулияти чекланган жамияти томонидан НамМҚИ балансида бўш турган 30 сотих ер майдонига 12 қаватдан иборат 1000 ўринли талабалар турар-жойи биносини қуришга киришилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 74,836 миллиард сўм бўлиб, шундан 30 миллиард сўми бюджет субсидияси, 44,836 миллиард сўми тадбиркор ҳисобидан амалга оширилади. Айни пайтда ушбу объектда ер ва котлаван қазиш ишлари тўлиқ тугатилиб, бетон ишлари якунига етмоқда. Турар-жой биноси 2023 йилнинг охирида талабалар учун фойдаланишга топшириш режалаштирилган.  

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабалари учун Янги Наманган туманидаги Ислом Каримов кўчасида 800 ўринли, Уйчи туманидаги Оқтош маҳалласи ҳудудида 200 ўринли иккита ётоқхона биноси хизмат қилиб келмоқда.  

Маълумот ўрнида, ҳозирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабаларни турар-жойлар билан таъминлаш бўйича республика миқёсида 38 минг ўринли 83 та талабалар турар-жойларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 23 минг 494 ўринли 50 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ва олий ўқув юртларининг тўлиқ ўз ҳисоби ҳамда инвестиция дастури доирасида 10 минг 660 ўринли 21 та талабалар турар-жойи қурилиши учун зарур маблағлар ажратилди.

Ижара хонадонларига жойлашган талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб беришлари ҳам янги тартибда тўлаб берилади. Яъни, ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъий назар Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (165 мингсўм) миқдорида тўланиши белгилаб қўйилди. Шу тартибда янги ўқув йилида талабаларни таъмирланган ва бўш турган ижара хонадонларига жойлаштириш ташкил этилади.

[gallery-13419]

Бундан ташқари, талабаларни турар-жой билан таъминлашнинг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Унга кўра, талабалар турар-жойига жойлашиш фақат давлат хизмати марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилиши ҳамда талабаларга навбатни онлайн кузатиш ва тўловларни амалга ошириш имконияти яратилиши белгиланди.

Оқилхон Дадабоев,

Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА