Мамлакатимизда “Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” шиори остида ўтказилаётган ҳафталик доирасида Сурхондарё вилоятида ҳам учрашув, давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.
Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида шу мавзуда бўлиб ўтган давра суҳбати “Биз тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз” мавзусига бағишланди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда аёллар ва болаларни, шунингдек, жамиятимизнинг ҳар бир фуқаросини зўравонликдан ҳимоя қилиш давлатимиз белгилаб олган муҳим вазифалардан бирига айланди. Дунёда тарқалган бу иллатга қарши иммунитет яратиш учун қонунчиликни такомиллаштириб, жабрланувчилар учун самарали ҳимоя механизмларини яратиш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириб, идоралараро ҳамкорликни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Зўравонликдан ҳимоя қиладиган қонунлар қабул қилинди. Муҳим бу ҳужжатларда жабрланувчиларнинг ҳуқуқий-ижтимоий кафолатлари, тезкор ҳимоя механизмлари, жавобгарлик чоралари аниқ белгилаб қўйилган.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги аҳолига зарур ёрдам кўрсатиш, ижтимоий хизматларни мувофиқлаштириб, идоралараро ҳамкорликни таъминлашда муҳим вазифаларни амалга оширмоқда.

Давра суҳбатида олий таълим муассасаси хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Н.Хасанова ва бошқалар шу ҳақда атрофлича сўз юритиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Зўравонлик турлари, айниқса, киберҳужум, уни келтириб чиқарувчи омиллар, замонавий ахборот маконида учраётган кибербосим ва улардан ҳимояланиш йўллари, шахсга доир маълумотларни тарқатиш, ёлғон саҳифалар, онлайн безорилик каби ҳолатлар ҳамда бу каби зўравонликларга кўриладиган ҳуқуқий чоралар хусусида фикр алмашди.
Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда талаба-қизларга рақамли маконда ўзини ҳимоя қилиш, барча турдаги зўравонликка дуч келганда тўғри ҳаракатланиш юзасидан тавсиялар билдирилди. Видеороликлар намойиш этилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Шунингдек, институтда ўтказилган “Ёшлар – зўравонликка қарши” мавзуига бағишланган учрашувда ҳам бу иллатнинг салбий оқибатлари атрофлича таҳлил қилинди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири