Пойтахтимизда Ўзбекистон талабалар спорт ассоциациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция кун тартибида ассоциациянинг янги таҳрирдаги Уставини тасдиқлаш, бош котибни сайлаш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқалари каби масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида олий таълим муассасаларида ташкил этилган спорт клублари фаолиятини янада такомиллаштириш, спорт клуби раис ўринбосарларининг касбий ва амалий кўникмаларини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, талабалар спортини ривожлантириш бўйича “йўл харита” белгилаб олинди.

Хусусан, бундан буён ассоциация олий таълим муассасалари спорт клубларини Бутунжаҳон университетлари спорти федерацияси стандартларига мослаштириш, спорт клубларида халқаро дастурларни жорий этиш ҳамда улар орқали университетларнинг халқаро миқёсдаги бренди, имижи ва рейтингини ошириш борасида таклифлар илгари сурилди.
Конференция якунида умумий овоз бериш натижаларига кўра, спорт мутахассиси Музаффар Пазилов Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси бош котиби этиб сайланди.
Т.Рўзиев, ЎзА