Нурафшон шаҳрида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Иттифоқ раиси кубоги” спорт мусобақасининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Турнирда олийгоҳларнинг 200 нафарга яқин фаол талабаларни жамлаган жамоалар қатнашди. Хусусан, йигитлар мини футбол, қизлар эса волейбол турлари бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Дастлаб очилиш маросимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши раиси М.Хамзаев, Тошкент вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Н.Кулбекова ҳамда Тошкент вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Р.Бобоқуловлар сўзга чиқди ва барчага омад тилади.

– Мақсад ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларни ижтимоий фаоллигини ошириш ва таътил кунларини мазмунли ташкил қилишдир, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши раиси М.Хамзаев. – Олийгоҳлар талабалари ўйинларда жуда яхши иштирок этиб, ўз таълим муассасалари шарафини ҳимоя қилди. Келгусида бу каби тадбирларни мунтазам давом эттирамиз.

Мусобақа якуний натижаларига кўра, Чирчиқ давлат педагогика университетининг “Педагог” жамоаси мини футбол ва волейбол мусобақаларида ўз пешқадамлигини кўрсатди ва ғолиб бўлди. Кейинги ўринларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “Олимп” ва Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университетининг “ТИПИ” жамоалари эгаллади. Улар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Мусаев, ЎзА