Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар спектакллари мухлисларга манзур бўлмоқда (+видео)
17:37 / 2024-02-08

Андижон шаҳридаги вилоят Қўғирчоқ театрида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчи талабалари томонидан спектакллар намойиш этилмоқда.

Буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги санаси олдидан Андижон шаҳар ҳокимлиги таклифига кўра, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг бир гуруҳ битирувчи талабалари ижодий сафар билан Андижонда бўлиб турибди. 

Талабалар томонидан Абдулҳамид Чўлпоннинг “Юлдузсиз кечалар” ҳамда Примқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асарлари асосида устозлари, профессор Муҳаммадали Абдуқундузов раҳбарлигида саҳналаштирилган спектакллар андижонлик театр ихлосмандларга намойиш этилмоқда. 

– Бўлажак санъаткорлар томонидан намойиш этилган улуғ шоир ва саркарда Бобур ҳақидаги спектаклни шахсан мен жуда мароқ билан томоша қилдим, – дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Барнохон Солиева. – Ҳар бир роль, айниқса, Бобурнинг болалиги, йигитлик даврлари маҳорат билан ижро этилди, умуман, ҳар бир қаҳрамоннинг руҳияти, ички дунёси тўла очиб берилди. Энг асосийси, спектаклдан мухлислар улкан маънавий озуқа олди. 

Андижонлик театр мухлисларига манзур бўлаётган спектакллар намойиши 10 февралга қадар давом этади. 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Андижонда бўлиб турган битирувчи талабалари Бобур номидаги Халқаро жамоат фондида ҳам бўлишди. Бу ерда талабалар фонд раҳбари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрапов билан учрашди. 

[gallery-15856]

Учрашувда Зокиржон Машрапов талабаларга фонднинг фаолияти, Бобур ва бобурийлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, Бобур илмий экспедицияси сафарлари ҳақида гапириб берди, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. 

Фонд раҳбари талабаларнинг ўқиши ва ижодий ишларида омадлар тилаб, уларга Бобур ҳақидаги китоблардан совға қилди. 

- Хақиқатдан ҳам Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди томонидан халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, жаҳон илм-фани тараққиётига, муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимиз шахсини улуғлаш, илмий меросини, улар қолдирган бебаҳо ёзма манбаларни ўрганиш, тадқиқ этиш ва тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Муҳаммадали Абдуқундузов. – Ишонаманки, бу каби хайрли ишлар бардавом бўлади, кўлами янада кенгаяди. Ана шундай эзгу ишларнинг бошида турган юртдошларимизни, халқимизни Бобур ва бошқа улуғ алломаларимизнинг руҳлари ҳамиша қўллайди. Озод ва обод мамлакатимиз янада юксалаверади. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/MKjwWjMShRE" title="Talabalar spektakllari muxlislarga manzur boʻlmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзA мухбирлари