French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар қасамёд қабул қилди
15:57 / 2024-10-16

Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида Андижон давлат тиббиёт институти биринчи босқич талабалари иштирокида “Талабаликка бағишлов” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижроси билан бошланган тадбир очилишида институт ректори, профессор Мадаминжон Мадазимов сўз олиб, жорий йилда ўқишга қабул қилинган 1-босқич талабаларини муборакбод этди.   

– Энг аввало, сизларни жамоамиз сафига қўшилганингиз билан табриклайман, – деди ректор. – Энди биз бир оила, бир жамоамиз. Институт профессор-ўқитувчилари сизларни орзу-мақсадларингизга эришишингиз, етук мутахассис бўлишингиз учун бор билим ва салоҳиятини ишга солади. Ана шу йўлда биз сизларни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз.   

Ишончим комилки, ўз олдингизга аниқ мақсадлар қўйиб, берилган имкониятлардан унумли фойдаланасиз, ўқиб, изланишдан тўхтамайсиз, фақат олға интиласиз.   

Тадбирда талаба ёшлар талабалик қасамёдини қабул қилди. Талабалар номидан сўз олганлар қасамёдига содиқ бўлиб, ўқишда илғор бўлишга, келгусида ўз ишларининг малакали мутахассиси бўлиб, халқимиз саломатлигини сақлаш, юртимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилишга ваъда берди.   

– Шифокорлик шарафли ва масъулиятли касб, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти даволаш факультети 1- босқич талабаси Шаҳбозбек Баҳодиров. – Бугунги тадбирда, устозларнинг сўзларидан шифокор масъулиятини янада чуқурроқ ҳис этдим. Насиб этса, биз талаба ёшлар институтни муваффақиятли тамомлаб, етук шифокор бўламиз. Халқимизга, юртимизга муносиб хизмат қиламиз.  

Тадбир давомида Ўзбекистон давлат филармонияси Андижон вилояти бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй, қўшиқлар, намойиш этилган бадиий дастур барчага кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.   

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари