French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар осмон жисмларини кузатишга муваффақ бўлди
11:42 / 2025-04-14

Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти томонидан Жиззах давлат педагогика университетида республика олий ўқув юртлари астрономия йўналиши талабалари ва ёш олимлари учун “Мирзо Улуғбек илмий меросининг замонавий астрономия фани ва таълими равнақидаги роли” номли семинар-тренинг ўтказилди.

Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика университети, Самарқанд давлат университети, Жиззах давлат педагогика университети, Шаҳрисабз давлат педагогика институти, Ахборот технологиялари ва менежмент университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Чирчиқ давлат педагогика университети, Навоий давлат университетининг ўқитувчилари, ёш олимлари, магистрант ва талабалари иштирок этган семинар-тренинг давомида Ўз ФА Астрономия институтининг етакчи мутахассис олимлари ва ёш тадқиқотчилари талабаларни астрономия фанининг қизиқарли йўналишлари, бу соҳада олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, эришилаётган ютуқлар ва бугунги кундаги  долзарб муаммолари билан таништириб, махсус амалий машғулотлар ўтказди.

Қатнашчилар маърузалар ва амалий машғулотлардан ташқари Астрономия институти ходимлари томонидан ташкиллаштирилган кундузги ва тунги астрономик кузатувларда ҳам иштирок этди. Кундузи Қуёш доғлари, тунги астрономик кузатув давомида эса Астрономия институтининг кичик телескопи ёрдамида осмон жисмларини кузатишга муваффақ бўлишди.  

Жумладан, телескоп ёрдамида Юпитер сайёраси ҳамда унинг йўлдошлари, Ой ва ундаги кратерлар ва бошқа осмон жисмлари кузатилди. Жонли астрономик кузатув бўлажак астрономларда жуда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, семинар-тренингда иштирокчилар ўзларининг магистрлик диссертациялари ҳамда битирув малакавий ишлари мавзулари бўйича маърузалар билан ҳам иштирок этди. Тренинг савол-жавоб ва музокараларга бой тарзда ўтди.  

Н.Раҳмонова, ЎзА