Дунёда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган ҳозирги пайтда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига эътиборни кучайтириш мамлакат тараққиётини, юрт келажаги ва халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу маънода сўнгги йилларда мамлакатимизда маънан етук ва жисмонан соғлом ёш авлодни тарбиялаб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, изланиш ва истеъдодларини қўллаб-қувватлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Олий таълим муассасаларида ҳам Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган талаба-ёшларнинг чуқур билим олиши ва ўз истеъдодини кенг намоён этиши учун барча шароит яратилди. Термиз давлат университетида бундан атиги беш-олти йил аввал ўнга яқин факультетда ўттиздан ортиқ бакалавриат таълим йўналиши фаолият юритган бўлса, эндиликда факультетлар сони 14 тага етиб, 57 бакалавриат таълим йўналишида етук мутахассислар тайёрланмоқда. Уларга 43 кафедрада меҳнат қилаётган 750 га яқин профессор-ўқитувчилар илм-фан сирларини ўргатаётир.
Якунланган 2021-2022 ўқув йилида Сурхондарё вилоятидаги энг йирик олий таълим муассасамизда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 22 минг 78 нафар, 39 та магистр мутахассисликларида 1 минг 215 нафар талаба таҳсил олди. Уларнинг 120 дан ортиғи хорижлик ёшлардир. Ваҳоланки, бундан олти йил муқаддам талабаларимиз сони ўн минг нафарга ҳам етмас эди. Таълим муассасамизда маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилаётган эътибор талаба-ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаб, ҳар тарафлама баркамол вояга етказишга, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2021-2022-ўқув йилида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун кўплаб қизиқарли давра суҳбатлари, адабий ва санъат кечалари, кўргазмалар, семинар, фестиваль, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ташкил этилди.
Агар рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, ҳисобот даврида ўтказилган мазкур тадбирларнинг 374 таси бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Бешта муҳим ташаббус” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Талабалар ўртасида концерт, китобхонлик, кино, театр, музей ва бошқа йўналишларда 236 та, давра суҳбати, учрашув, ғоявий тарғибот, викторина, тренинг, кўрик-танловлар йўналишида 314 та тадбир уюштирилди. 298 та тадбирда талабалар ўртасида университетнинг “Одоб-ахлоқ қоидалари”, коррупциоген ҳолатдан огоҳ бўлиш, экстремизм, ақидапарастлик, “оммавий маданият”, гиёҳвандлик, ОИТСга қарши кураш мавзуларида оммавий тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Шунингдек, талабаларга ижтимоий-маънавий ва психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ижтимоий (оилавий) ҳолатидан ота-онаси ёки яқин қариндошлари хабардорлиги бўйича, спорт-соғломлаштириш, ахлоқий эстетик тарбия масалалари, талабалар турар жойлари ички тартиб-қоидаларини тушунтириш каби масалаларда ҳам кўплаб тадбирлар ўтказилди. Бу борадаги ишларни кенг йўлга қўйишда тюторлик тизими жорий этилгани айни муддао бўлди. Келажагимиз эгаларининг вилоятда ўтказилаётган Мустақиллик, “Наврўз” умумхалқ байрами, “Бойсун баҳори” каби шодиёналар, “Талабалар баҳори”, “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” сингари фестивалларда фаол иштирок этмоқда. Ҳафтанинг ҳар жума куни талабалар-турар жойларида “Талабалар оқшоми” концерт дастури ўтказиш анъанага айланди.
Университетда талабалардан ташкил топган “Мақом” ансамбли, “Айём бенд” вокал эстрада гуруҳи, “Сурхон саболари” рақс гуруҳи, “Дуторчи қизлар” ансамбли, “Халқ чолғулари” оркестри, “Жайхун” халқ ансамбли, “Ибрат” киностудияси, “Олтин авлод” театр студияси, “Сурхон ёшлари” ҚВЗ жамоаси, “Қалқон” мобил-тарғибот гуруҳи, “Талабалар парламенти” ҳамда “Заковат”, “Гумата мунозара-дебат”, “Қизларжон”, “Ёш ижодкорлар”, “Ёш волонтёрлар” клублари фаолият юритмоқда.
Таълим муассасамизда маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш баробарида таълим сифатига эътиборнинг кучайтирилаётгани маънан етук, чуқур билим ва кўникмага эга ёшларни тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни лойиҳаси муҳокамасида 112 нафар волонтёр талабаларимиз фаол қатнашиб, маҳаллаларда тушунтириш ишларини олиб борди. Мавриди келганда айтиш лозимки, бугунги талаба-ёшлар бундан беш-олти йил олдинги бўлажак касб эгалари эмас. Уларнинг фикрлаш доираси, изланиш ва интилишлари, фанларга қизиқишлари тубдан ўзгарган. Энг изланувчан талабалар номдор стипендиялар совриндори бўлмоқда. Мамлакатимизда ўтказилаётган турли танлов ва мусобақаларда фахрли ўринларни эгалламоқда. Мисол учун “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” ойлиги доирасида Тошкент шаҳридаги Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида Олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган "Энг яхши видеороликлар" танловида рус ва қардош тиллар факультети талабаси Самандар Менгтўраев биринчи ўринни қўлга киритди. Иқтисодиёт ва туризм факультети талабаси Мафтуна Ашурова “Энг яхши блогер” йўналишида учинчи ўринга сазовор бўлди. Олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Йил талабаси – 2021” республика танловида миллий либос ва санъат факультети талабалари Абдураҳмон Абдиназаров “Йилнинг энг фаол ижодкор талабаси” ва Барчиной Каримова “Йилнинг энг намунали тадбиркор талабаси” номинациялари бўйича биринчи ўринни эгаллади. 20 талаба вилоят ҳокими стипендияси, 42 талаба университет стипендиясига сазовор бўлди.
Якунланган ўқув йилида талабаларимиз спорт турлари бўйича халқаро ва республика мусобақаларида 71 та медални қўлга киритиб, халқаро беллашувларда 4 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза медал соҳибига айланди. Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда аъло баҳоларга ўқиётган, жамоат ишларида фаол қатнашаётган ва талаба-ёшлар ўртасида ўтказилган кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ғолибларини муносиб рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга моддий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилгани ҳам ютуқлар омили бўлмоқда. Шунга асосан ўтган ўқув йилида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, чин етим, боқувчисини йўқотган, оиласи “Темир дафтар”да турувчи 804 нафар талабаларга икки стипендия миқдорида, Вазирлар Маҳкамасининг 585-қарори ижроси доирасида университет маблағлари ҳисобидан 2021-2022-ўқув йилида ўқишга қабул қилинган боқувчисини йўқотган 26 нафар муҳтож талаба қизларнинг 1 йиллик тўлов-шартнома маблағлари, ўқув йили давомида фанларни аъло баҳоларда ўзлаштирган, жамоатчилик ишларида, тадбирларда фаол бўлган 676 нафар иқтидорли талабаларнинг ҳар бирига бир стипендия, университетда ўтказилган танловлар “Ректор кубоги” спорт мусобақалари, Беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган онлайн танлов ғолиблари бўлган 267 нафар талабага бир стипендия миқдорида моддий рағбатлантириш берилди. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Лўнда қилиб айтганда, таълим ва тарбияни узвий равишда олиб борилаётгани ёшлар ўртасида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини йигит-қизлар ҳаётига изчил татбиқ этишда ўз самараларини бераётир. Айни пайтда бу йўналишдаги ишларни янги ўқув йилида янада сифатли ташкил этиш учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Обид Шофиев,
ТерДУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича
биринчи проректори
ЎзА