Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида битирувчи талабаларни иш билан таъминлаш ҳамда уларни меҳнат бозорига самарали интеграция қилиш мақсадида “Карера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада Ўзбекистон ва қатор хорижий давлатларнинг 20 га яқин йирик компания ва ташкилотлари, иш берувчилар иштирок этди. Улар турли соҳалардаги бўш иш ўринлари, стажировкалар ва келгусидаги иш имкониятларини таклиф этдилар.


Шу билан бирга, тадбирда вилоятдаги тижорат банклари ҳам қатнашиб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган талабаларга имтиёзли кредитлар, молиявий саводхонлик ва давлат дастурлари ҳақида маълумотлар беришди.
Талабалар компания ва ташкилот вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиш имкониятига эга бўлиб, иш шароитлари, талаб этиладиган кўникмалар ва лавозимлар хусусида аниқ маълумотлар олдилар. Бу эса уларнинг касб танлашларида катта аҳамият касб этади.


Хусусан, Хитой ва Туркия каби давлатларнинг етакчи компаниялари ҳам ярмаркада иштирок этди. Бу талабаларга нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам ўзини кўрсатиш имкониятини яратди.
– “‘Карера куни" – бу битирувчилар учун билим ва салоҳиятни намоён этиш, йирик иш берувчилар билан мулоқот қилиш ва фаолиятларини бошлаш учун муҳим амалий платформа бўлди. Бунинг натижасида 200 нафар битирувчи талабамиз ўзларига муносиб иш жойларини топишди, – деди институт филиали директорининг биринчи ўринбосари Отабек Абдуғаниев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири