Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида архитектура йўналишида кадрлар тайёрловчи олийгоҳлар ректорлари иштирокидаги ишчи йиғилиш ўтказилди.
Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир деб баҳоланган 903 та маҳалла билан манзилли ишлаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу жараёнга 18 та олийгоҳда таҳсил олаётган архитектура йўналишидаги қарийб 7 минг нафар талаба таклиф қилинади. Талабалар маҳаллаларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш жараёнига хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда жалб этилади.

Шунингдек, маҳалла бош режаларини ишлаб чиқиш бўйича талабалар ўртасида танлов эълон қилинади. Энг яхши лойиҳаларни таклиф этган жамоалар 100 миллион сўмгача мукофотланади. Бу орқали замонавий ёш архитектор ва урбанистлар корпусини шакллантириш мақсад қилинган.

Маълумотларга кўра, маҳаллаларни ўрганиш жараёнида геодезик ва кадастр маълумотларидан фойдаланиш, дрон ва спутник тасвирларини жалб этиш, социо-иқтисодий таҳлиллар ўтказиш, инфратузилма ва ижтимоий хизматлар ҳолатини баҳолаш, ГИС платформалар, 3D моделлар ва “digital twin” ечимлар жорий этилади.

Мазкур жараёнларда профессор-ўқитувчиларнинг илмий раҳбарлиги, олийгоҳлар раҳбарларининг тизимли назорати ҳамда вазирлик томонидан мувофиқлаштирув таъминланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА