Мамлакатимиз олий таълим муассасалари ўртасида спортнинг 12 та тури — бадминтон, баскетбол, волейбол, гандбол, енгил атлетика, кураш, стол тенниси, футбол (8х8), шахмат, регби-7, сув полоси ҳамда чим устида хоккей бўйича “Талабалар лигаси” спорт мусобақаларининг университет босқичи давом этмоқда.
Мазкур мусобақалар 2025 йил 15 августда тасдиқланган қўшма қарор асосида ташкил этилган бўлиб, университет босқичи ноябрь–март ойлари давомида ўтказилиши белгиланган. Айни пайтда факультет ва таълим йўналишлари ўртасида беллашувлар юқори савияда ташкил этилиб, талабаларнинг фаол иштироки таъминланмоқда.

Ҳар бир олий таълим муассасасида мусобақаларни самарали ўтказиш юзасидан тегишли буйруқлар қабул қилинган, спорт турлари кесимида масъуллар бириктирилган ва аниқ жадваллар ишлаб чиқилган. Иштирокчи талабалар рўйхатлари шакллантирилиб, жамоалар тузилган. Бу эса мусобақаларнинг тизимли ва шаффоф ўтказилишига хизмат қилмоқда.

2026 йил 19 февраль ҳолатига кўра, юртимиздаги 167 та олий таълим муассасасида жами 4 минг 515 та беллашув ўтказилди. Уларда 223 минг 610 нафар талаба иштирок этди. Айниқса, футбол (8х8) ва волейбол спорт турларида иштирок кўрсаткичлари юқори.

“Талабалар лигаси” олий таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, талабаларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, жамоавийлик ва рақобат муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Университет босқичи якунларига кўра сараланган жамоалар кейинги босқичларда иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА