ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун Фарғона шаҳри нафақат техника, балки рақамли инновациялар ва ёшлар салоҳиятининг марказига айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Талабалар киберспорт ўйинлари – 2025” чемпионатининг финал босқичи Фарғона давлат техника университетида тантанали очилиш маросими билан бошланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар турнирнинг ёшлар ҳаётидаги аҳамияти, рақамли соҳадаги имкониятлар ҳақида тўхталиб, ёш киберспортчиларга омад тилади.
Мазкур лойиҳада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан сараланган 64 жамоа (300 нафар иштирокчи) 4 та йўналиш – CounterStrike2, DOTA2, SPORTS FC 25 ва Just Dance бўйича ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
- Тўғрисини айтсам, бу финал босқичи биз учун жуда катта масъулият. Саралаш босқичларида республиканинг энг кучли жамоалари билан тўқнаш келганмиз. Жамоа аъзолари билан бир неча ой давомида стратегиялар, тактикалар устида ишладик, - дейди Самарқанд вилояти ТАТУ филиали талабаси Саидакмал Аҳмедов.
[gallery-24029]
Турнир барча иштирокчилар учун шаффофлик ва тенг имкониятлар асосида ташкил қилинган. Асосий баҳслар қуръа натижаларига кўра давом этмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА