French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар “Жўхори гуртик куни”ни нишонлади
17:54 / 2026-02-25

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти 1-сонли талабалар турар жойида Қорақалпоқ халқининг миллий таоми – жўхори гуртик тайёрлаш бўйича танлов ўтказилди.

– Ҳар йили ушбу байрамда талабалар билан биргаликда жўхори гуртик тайёрлаб, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одатлар, анъаналар ва қадриятлар ҳақида суҳбатлашамиз, ўзаро фикр алмашиб, тарихимиз ва маданиятимиз ҳақида маълумотлар берамиз. Бу байрам вилоятлардан келган талабалар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар жўхори гуртик ва унинг тайёрланиши ҳақида маълумотларга эга бўлади. Албатта, бу байрам орқали биз юртимизнинг ўзига хос маданияти, тарихи, урф-одатлари ва миллий таомнинг дунёга танилишга ҳисса қўшамиз, – дейди педагог-тарбиячи Муҳаббат Абдимуратова.

Танлов доирасида талаба-ёшлар биргаликда миллий таом – жўхори гуртикни тайёрлаб, байрам дастурхонига тортилди. Иштирокчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Маълумот ўрнида, 2023 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикасида жамоатчилик ташаббуси асосида 25 февраль “Жўхори гуртик куни” сифатида аҳоли ўртасида кенг нишонланиб келинмоқда. Албатта, бундай ташаббуслар аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган анъаналарни келгуси авлодларга етказиш, миллатлар ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.