Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар ижараси учун белгиланган сумма қанча бўлиши керак?
17:32 / 2023-10-30

Ҳеч кимга сир эмас, янги ўқув йили яқинлашиши билан талабалар учун бошпанасазлик муаммоси кун тартибига чиқиб, олий таълим муассасаларининг атрофи юкларини кўтарган талабалару, фарзандининг ташвишида юрган ота-оналарга тўлиб тошади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2022 - 2026  йиллар оралиғида алоҳида дастур қабул қилинган бўлиб, унга кўра 100 минг ўринли турар-жой қуриш режалаштирилган. Бу турар-жойга эҳтиёжнинг 60 фоизини қоплайди. Жорий йилнинг ўзида республика бўйича жами 10 минг 209 ўринли 23 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди. Йил якунига қадар Давлат дастурида белгиланган 18 минг ўринли талабалар турар жойлари қуриб фойдаланишга топширилади.  

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ижарада яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.  

Хўш, талабалар ижараси учун белгиланган сумма қанча бўлиши керак? Мазкур савол юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир Қосимов қуйидагиларни маълум қилди:  

– Мамлакатни ривожланган давлатлар сафига олиб чиқадиган ягона куч кадрлардир! Шундан экан, уларга яратилаётган ҳар бир имконият эртанги кун ривожига хизмат қилади. Тошкент шаҳрида талабаларнинг 30 фоизида  турар жойга эҳтиёж мавжудлиги аниқланган. Улар ижара шартлари асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келади.  

Жорий йилда ижара хонадонларига жойлашишга муҳтож бўлган талабалар 30 минг 707 нафарни ташкил этган. Таҳлиллардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида барча тюторларни тўлиқ жалб қилган ҳолда маҳалла раислари билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонларини топиш ишлари амалга оширилди.  

Ижара суммаси миқдори Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 баравари 330 минг сўм ҳамда қолган ҳудудларда БҲМнинг ярим баравари 165 минг сўм миқдорида белгиланган.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2024-2025-ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат ОТМнинг талабалар турар жойига жойлашиш фақат давлат хизмати марказлари ёки my.gov.uz орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади.  

Шунингдек, Солиқ қўмитаси томонидан маълум қилинишича, кўчмас мулк эгалари ва талабалар ўртасида тузиладиган ижара шартномаларини 2 хил усулда ҳисобга қўйиш мумкин.  

Биринчиси, ijara.soliq.uz сайти орқали. Бунда ижарага берувчи сайтдан “Талабалар ижараси” бўлимини танлаб, “Ижарага олувчи талаба тўғрисида маълумот” ойнасига ижарага олувчи талабанинг ЖШШИРни киритганда унинг маълумотлари (Ф.И.О, таълим олаётган ўқув юрти, факультети, таълим шакли ва босқичи, шунингдек доимий рўйхатга олинган манзили) автоматик шакллантирилади. Кейинги жараёнда “Қўшиш” тугмаси орқали талаба билан бирга турган бошқа талабалар дастурга киритилади.    

Сўнгра “Телефон рақами” қаторига ижарага олувчи талабанинг телефон рақами киритилиб, “Тасдиқлаш кодини юбориш” тугмаси босилади. Талабанинг телефонига СМС орқали келган 5 хонали рақам “Тасдиқлаш коди” қаторига ёзилиб, “Тасдиқлаш” тугмаси босилади. Илованинг “Ижарага бериш”, ундан сўнг “Талабалар учун ижара шартнома” бўлими орқали талабалар билан тузилган кўчмас мулк ижара шартномалари ҳисобга қўйилади. Иловага ижарага берувчи жисмоний шахс томонидан талабанинг шахсий идентификация рақами киритилганда унинг маълумотлари  автоматик шаклланади. Талабалар Face ID ёки телефон рақамига СМС орқали келадиган 5 хонали рақамни киритиш орқали ижара шартномасини тасдиқлаши мумкин. Талабалар билан тузилган ижара шартномаси ҳисобга қўйилганда ушбу маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги базасида шаклланади. Бу эса ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб беришда олий ўқув юртларига қулайлик яратади.    

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, солиқ тўловчининг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олган даромадлари солиқдан озод этилган.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА