Андижон давлат университетида олий ўқув юртлари талаба қизлари жамоалари ўртасида “Экологик билимларимизни бойитамиз!” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ҳамда жорий йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти кенгаши томонидан ташкил этилган интеллектуал ўйинда вилоятдаги олтита давлат олий ўқув юрти жамоаси иштирок этиб, ўзларининг экологик билимларини синовдан ўтказди.

– Ушбу беллашувни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, талаба ёшларнинг экологик билимларини, фаоллигини ошириш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши раиси Хуршидбек Юсупов. – Қолаверса, уларнинг атроф-муҳитга, она табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш орқали экологик маданиятини юксалтиришдан иборат.

Иштирокчи жамоалар экология, табиатни асраш, яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш масалаларига оид савол-жавоблар, глобал экологик муаммолар бўйича фикр-мулоҳазалар, экологик муаммоларнинг ечимлари юзасидан таклифлар бериш шартлари асосида ҳамда баҳс-мунозаралардаги фаолликлари бўйича ўзларининг билим ва салоҳиятларини намойиш этди.

Якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Андижон давлат педагогика институти жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Андижон давлат чет тиллар институти, учинчи ўрин эса Андижон давлат университети жамоаларига насиб этди.


Беллашувнинг ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши томонидан сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари