Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар бизнес-ташаббуслар билан иштирок этди
18:47 / 2025-07-31

“Келажакка қадам” дастури, “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти, Савдо-саноат палатаси, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида Андижон давлат университетида “Talaba Expo – 2025” касблар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда Андижон вилоятидаги олий ўқув юртлари, техникумларнинг битирувчи ва юқори босқич талабалари иштирок этди. 

Кўргазма очилишида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. 

320 дан зиёд иш берувчилар 2 минг 100 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этган кўргазмада, кўплаб ташкилотлар мутасаддилари юқори босқич талабалари билан амалиёт ўташ бўйича суҳбатлар ўтказди. Тадбирдан кўзланган мақсад, битирувчиларнинг ишга жойлашишига, касбий йўлини белгилаб олишларига кўмаклашиш ҳамда бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашдир.

[gallery-24565]

– Андижон давлат педагогика институти битирувчисиман. Касблар кўргазмасига ўз тадбиркорлигимни кенгайтириш бўйича бизнес-лойиҳам билан келдим. Ҳозирда Избоскан тумани Обод маҳалласидаги цехимизда мош ва ловия қайта ишланиб, ундан олинган ун қадоқланиб Хитойга экспорт қилинади. Цехни кенгайтириш бўйича тақдим этган лойиҳам маъқулланиб, “Миллий банк” томонидан 176 миллион сўм кредит ажратиладиган бўлди, – дейди Муқаддас Содиқова. 

Шунингдек, тадбир доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ  банк маҳсулотлари тақдимоти ўтказилди. Кўргазмада битирувчи талабаларнинг инновацион ва стартап лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Ташкил этилган ушбу тақдимотда ўз лойиҳалари билан қатнашган Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультети талабаси Моҳимбону Маҳмудова 800 миллион сўм, стоматология факультети талабаси Санжарбек Нусратуллаев 135 миллион сўм, фармацевтика факультети талабаси Фарангиз Отахонова ҳам 800 миллион сўмлик ваучерни қўлга киритди.

Касблар кўргазмасида 9 минг 200 нафардан зиёд битирувчи ва юқори босқичларда таҳсил олаётган талабалар иштирок этди. Шундан 2 минг 459 нафар иштирокчи иш берувчилар билан суҳбатда бўлди, 1 минг 31 нафар талаба ишга жойлашиш бўйича шартнома имзолади ҳамда 72 нафар иштирокчи эса ўзининг бизнес-лойиҳаларини тақдим этди. 

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.