English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар билан Конституцияга бағишланган тадбир ўтказилди
15:37 / 2025-11-27

8 декабрь – мамлакатимиз тарихида сиёсий аҳамиятга эга сана. Ушбу кунда Ўзбекистон Республикасининг Бош қомуси – Конституция қабул қилинган бўлиб, у миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам асосларини белгилаб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида тасдиқлайди. Шу муносабат билан Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида талаба-ёшлар иштирокида “Конституция – ҳуқуқий давлат кафолати” мавзусида маърифий учрашув ўтказилди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар, давлат тили ва илмий-тадқиқот масалалари бўйича маслаҳатчиси Наибахон Мамадалиева, Ўзбекистон Миллий Метрология институти директори маслаҳатчиси Барно Унгбоева ҳамда таниқли тележурналист ва ижодкор Тоҳир Самиев иштирок этдилар.

Маърузачилар янгиланган Конституциянинг ҳар бир фуқаро учун ҳаётий аҳамиятга эга қоидалари, янги таҳрирдаги нормалар мазмун-моҳияти ва улар орқали мустаҳкам ҳуқуқий давлат барпо этишда қўйилган қадамлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатни демократик ривожланишнинг янги босқичига олиб чиққани алоҳида таъкидланди. Бош қомусда “инсон – жамият – давлат” тамойилининг устуворлиги бугунги давлат сиёсатида инсон манфаатининг биринчи ўринда туришини кўрсатади.

–  Янги таҳрирдаги Конституция фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, ёшларимизни ҳуқуқий фаолликка чорлаш ва уларни олий мақсадларга интилишга ундашда муҳим восита ҳисобланади, –  деди Наибахон Мамадалиева. – Чунки ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини англаб, фуқаролик масъулиятини тушунса, бу мамлакатимизда қонун устуворлиги ва демократик тамойилларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Тадбирда талабаларга Конституциянинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, фуқаролик масъулияти ва профессионал ривожланиш имкониятлари ҳақида амалий маълумотлар берилди. Интерактив мулоқотлар ва савол-жавоблар орқали ёшлар ўзларини қизиқтирган масалаларга жавоб топдилар ва Конституцияда акс этган нормаларнинг нафақат қонунчилик асоси, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётида ҳуқуқий кафолат сифатида хизмат қилишини чуқур англадилар.

–  Бугун институтимизда бош қомусимизнинг қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилган маърифий учрашув ёрқин ва эсда қоларли бўлди. Устозларимиз ва меҳмонлар Конституция ва унинг мазмун-моҳияти тўғрисида жуда қизиқарли ва фойдали фикрларни билдирдилар. Бу эса бизга бош қомусимизда акс этган ҳуқуқларимизни яна бир бор англаш имконини берди, –  дейди институтнинг 301-23-гуруҳ талабаси Усмон Бердиев.

Хулоса қилиб айтганда, янги Конституция – демократик ва инсон ҳуқуқларига таянган давлат барпо этишдаги энг ишончли кафолатдир. Мазкур маърифий учрашув ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни фаол фуқаро сифатида шакллантириш ва Ватан равнақига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири