Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабалар билан бир кун
17:00 / 2024-10-03

Талабаларнинг орзу-истаклари, ўй-хаёллари ҳақида билиш, яшаш шароитлари билан танишиш, уларни қийнаётган муаммоларини ўрганиш ва ўз вақтида бартараф этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Қолаверса, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олий таълим муассасалари раҳбарларига қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилган.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, жорий ўқув йилидан институтимизда “Талаба билан бир кун” лойиҳаси ишга туширилди. Айни кунларда лойиҳа доирасида қатор ишлар олиб борилмоқда. 

Бунда талабанинг ўқиши билан бирга, камида иккита хорижий тилни билиши, бирор касб-ҳунар эгаси бўлиши, яхши шароитларда яшаши билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилади. Бу билан талабалар биринчидан, катта ҳаётга тайёрланади, иккинчидан, ўрганган касби орқали қўшимча даромад топиш имконига эга бўлади. Энг асосийси, бу ишлар келгусида талабанинг ҳаётда, жамиятда, оилада ўз ўрнини топишига ёрдам беради. 

Лойиҳа доирасида шахсан ўзим ёки институт проректорларидан бири талабалар турар жойида бўлиб, кунни талабалар билан бирга ўтказади, уларнинг яшаш шароитлари билан бевосита танишади, мулоқотлар, зарур бўлса, талабалар билан бирма-бир суҳбат ўтказади. Мавжуд камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш, шунингдек, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилади. 

Куни кеча лойиҳа доирасида мен талабалар турар жойида бўлиб, уларнинг яшаш шароитлари, яратиб берилган қулайликлар билан танишдим, бевосита суҳбатлар ўтказдим. 

[gallery-19578]

Таъкидлаш жоизки, институтимизнинг талабалар уйи талабаларимиз учун том маънода уларнинг иккинчи уйига айланган. 

Айни кунда 1 минг 120 ўринли мавжуд иккита талабалар уйида яшаётган ёшлар учун зарур барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, фарзандларини кўргани келадиган ота-оналар, уларни кутиб олиш ва кузатиш учун алоҳида хоналар ажратилган. 

Айни пайтда мавжуд талабалар уйларининг биринчи қаватларида 8 та касбий тўгараклар ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда. Жумладан, IELTS курси, “Speakingclub”, мусиқа, гулчилик, мебелчилик, косиблик каби қатор йўналишлардаги тўгаракларда талабалар қўшимча малакага эга бўлиб, касб-ҳунар эгалламоқда. 

Шу куни талабаларнинг таклифига кўра, пазандачилик тўгараги ҳам ташкил этилди. Тўгарак машғулотларини ўтказиш учун алоҳида хона, зарур жиҳозлар олиб берилди. Энди талаба қизлар ўқишдан, шахсий юмушларидан бўш вақтларида тўгарак машғулотларида қатнашиб, турли пишириқлар, таомлар тайёрлашни пухта ўрганади. Энг асосийси, ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни сотиб, қўшимча даромад топиши мумкин бўлади. 

Ётоқхоналаримизда “караоке” хоналари ташкил этилган. Ушбу хоналар ҳамиша талабалар билан гавжум бўлади, чунки бу ерда улар мароқли дам олади. Қолаверса, турли маданий-маърифий тадбирлар, шеърхонлик, мушоира кечалари ўтказилади. Шахсан мен ҳам талабалар билан бирга Озодбек Назарбековнинг “Болам дема, Ватаним мени” қўшиғини ижро этдик. 

Ётоқхоналаримизда талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш учун гуруҳлар, курслар ўртасида шахмат ва шашка ўйинлари, “Заковат” беллашувлари доимий равишда ўтказиб турилади. Айниқса, “Заковат” беллашувини томоша қилиб, ҳақиқий интеллектуал атмосферани ҳис этдим. Ақлни чархловчи, билим ва дунёқарашни юксалтиришга ёрдам берувчи ушбу беллашувга талабаларнинг қизиқиши ортиб, унда қатнашиш истагидаги жамоалар сони ҳам ошиб бораётганлигидан хурсанд бўлдим. 

Талабалар билан суҳбат давомида уларнинг фикри, таклифларини эшитдим. Талабалар ётоқхонасида IT курсини очиш, мусиқа тўгарагига мутахассис ўқитувчи жалб этиш таклифини билдиришди. Мазкур таклифлар бўйича ишларни бир ҳафта ичида бажариш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар бердим. 

Суҳбатлар давомида талабаларимизнинг дадил ва ўз фикрини эркин билдира олиши, билим олишга бўлган интилишининг юқори эканлиги, ўз режалари билан ўртоқлашиши мени хурсанд қилди. Институт раҳбарияти ана шундай фаол талабаларни имкон қадар қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. 

Бир сўз билан айтганда, институтимизда “Талаба билан бир кун” лойиҳаси доирасидаги учрашув ва мулоқотлар йил давомида ўтказиб борилади. 

Дилшодбек Рустамов, 

Андижон давлат чет тиллари институти ректори, 

филология фанлари доктори, профессор. 

ЎзА