Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, “Ўзмиллийбанк” АЖ, Савдо-саноат палатаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Келажакка қадам” дастури доирасида “TalabaExpo – 2025” касблар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Битирувчи талабалар ва ёш мутахассисларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш, амалиёт ва стажировка ўринларига йўналтириш, шунингдек, уларнинг стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда 120 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар иштирок этди.
– Ушбу кўргазма олий таълим ва бандлик ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтирувчи, битирувчилар бандлигини таъминлашда муҳим платформалардан бири сифатида хизмат қилмоқда, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов. – Навоий вилоятида бўлиб ўтаётган касблар фестивали жараёнида корхона ва ташкилотлар 1300 га яқин бўш иш ўринлари, шу жумладан, амалиёт ва стажировкалар, бизнес ва стартап лойиҳалар тақдимоти билан иштирок этди. Тадбирда талабаларга имтиёзли кредитлар бўйича маслаҳатлар берилиб, ташаббускор ва фаол тадбиркорлар иштирокида семинар, тренинг ва бизнес учрашувлари ташкил этилди. Шунингдек, талабалар ва ёш тадбиркорларнинг инновацион лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
[gallery-25364]
Таъкидлаш ўринлики, узоқ йиллар давомида олий таълим даргоҳини битирган ёшларни ҳам, ўқишга кира олмаган йигит-қизларни ҳам иш билан таъминлаш жиддий муаммолардан бири бўлиб келаётганди. Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши эса ёшларнинг бандлигини таъминлашнинг ишончли ва амалий тизими сифатида алоҳида эътироф этилиб, бугун нафақат ёшлар, балки ота-оналарни ҳам қийнаган муаммоларга ечим сифатида қаралмоқда.
– “Келажакка қадам” лойиҳаси таълим ва ишлаб чиқариш жараёнида муҳим лойиҳалардан бири бўлди, – дейди тадбиркор Алишер Ражабов. – Бугунги тадбирда 100 дан зиёд талаба билан суҳбатлашдик, уларнинг қизиқиши, режалари билан танишдик. Ёшларнинг 20 нафардан ортиғидан аризалар қабул қилдик. Улардаги шижоат ва интилишни кўриб ўзимнинг ҳам ёшлигим эсимга тушиб кетди. Тан олиш керак, олдинги даврларда битирувчи иш излаб, кўчама-кўча юриб, ташкилот ва корхоналар эшиги олдида ойлаб турган бўлса, бугунги кунда иш берувчиларнинг ўзлари уларнинг олдига келишмоқда. Иш ўринларини таклиф этмоқда. Корхонамизда “устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилган. Янги ишга қабул қилинган ёшларни тажрибали, узоқ йиллардан буён корхонамизда меҳнат қилиб келаётган ходимларга бириктирган ҳолда касбга йўналтирамиз. Айни пайтда корхонамизда маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш мақсадида ишлар олиб борилмоқда. Бу эса янгидан-янги иш ўринлари яратилади, дегани. Бу ёшлар учун яна янги имкониятдир.
Бугун талаба ўзи учун муносиб иш ўрнини танлаш имконига эга. “Келажакка қадам” лойиҳаси эса ёшларни иш билан таъминлаш, уларни меҳнат бoзoри талабларига мoс равишда касбга йўналтириш ҳамда иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратиб берувчи лойиҳалардан биридир.
Касблар кўргазмасида 7 минг нафардан ортиқ битирувчи талаба ишга жойлашиш, илғор ғояларни қўллаб-қувватлаш жараёнида фаол иштирок этди.
Кун давомида иштирокчилар Навоий эркин индустриал-иқтисодий зонасига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда ёш мутахассислар учун яратилган шароитлар билан танишди. Бундан ташқари, тадбиркорлар иштирокида бизнес тренинглар ва мотивацион чиқишлар ташкил этилди. Навоий давлат университети ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректорлари олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Тадбир сўнггида концерт дастури намойиш этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари