Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«TalabaExpo–2025” – ёшлар учун кенг имкониятлар эшиги
16:20 / 2025-10-22

Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида битирувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик ва инновацион ташаббусларни ривожлантириш мақсадида “TalabaExpo -2025” касб кўргазмаси ўтказилди.

Тадбир “Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Миллий банки, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Хоразм вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Кўргазмада вилоятдаги барча олий таълим муассасаси талабалари ва битирувчилари – жами 10 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Улар учун 130 дан зиёд йирик иш берувчи ташкилотлар томонидан 1300 дан ортиқ бўш иш ўринлари, шу жумладан, амалиёт ва стажировка имкониятлари таклиф қилинди. 

– Кўргазманинг мақсади — битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий йўналишини аниқлаш ва бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашдир, – дейди Хоразм вилоят ҳокимининг ўринбосари Санъатбек Салаев. – Муҳтарам Президентимиз томонидан ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган. Шу сабабдан вилоятимизда ҳам бу йўналишдаги ишларнинг кўлами йилдан йилга кенгаймоқда. 

[gallery-25862]

Тадбирда Хоразм вилоятида фаолият юритаётган йирик корхона ва ташкилотлар, банк-молия муассасалари, инновацион марказлар ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз иш ўринлари, лойиҳалари ва амалий дастурларини тақдим этди.

Шунингдек, кун давомида битирувчи талабалар учун иш ўринлари ярмаркаси, тадбиркорлик имкониятлари тақдимоти, “Ўзмиллийбанк” томонидан банк маҳсулотлари таништирувлари, талабаларнинг инновацион ва стартап лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.

«TalabaExpo–2025” касб кўргазмаси иккинчи кунида 2025-2026 ўқув йили битирувчи босқич талабалари учун “Келажакка қадам” дастури доирасида семинар-тренинг ҳам ташкил этилди.

Ушбу тадбир битирувчи ёшларни касбга йўналтириш, меҳнат бозоридаги реал талаблар билан таништириш ва уларга келажакдаги фаолият йўлида мотивация бериш мақсадида ўтказилди.

– Мен ушбу семинар-тренингда иштирок этар эканман, “Келажакка қадам” маркази бўлими бошлиғи Беҳруз Остонов, “Эко оби ҳаёт” МЧЖ раҳбари Дониёрбек Собиров, “Довруғ” хусусий корхонаси раҳбари Довруғ Рўзметов ҳамда “Тилло Домор” хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Ферузбек Қуранбоевларнинг чиқишларини кузатдим, – дейди УрДУ талабаси Маҳфуза Ҳожаева. – Улар ўзларининг фаолият йўллари, ютуқлари, дуч келган қийинчиликлари ва уларни қандай енггани ҳақида сўзлаб беришди. Ушбу маърузалардан мен ўзим учун керакли рағбатни олдим.

Тадбирда меҳнат бозоридаги талаблар, стартап ғояларни илгари суриш, бизнес-режа тузиш ва тадбиркорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Талабалар билан очиқ мулоқот қилган меҳмонлар уларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоблар беришди. Айниқса, стартап ғоя билан қандай чиқиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашдаги муҳим босқичлар ҳақида амалий тавсиялар берилди.

Тадбирлар давомида илгари сурилган бир қатор стартап ғоялар кўриб чиқилиб, уларнинг бир нечтаси “Келажакка қадам” дастури доирасида молиялаштиришга тавсия этилди.

Алоҳида танланган лойиҳалар учун молиявий қўлловларни назарда тутувчи 500 миллиондан 1 миллиард сўмгача “ваучер”лар тантанали равишда топширилди.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари