Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида мамлакатимиз ўқитувчи ва мураббийлари билан учрашувда ҳам, Наманганда бўлиб ўтган “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзусидаги III халқаро форумда сўзлаган нутқида ҳам ёшларга билим бериш, уларни касб-ҳунарли қилиш, шиддат билан кечаётган ислоҳотлар жараёнида йигит-қизларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш масаласига устувор эътибор қаратди.
Зеро, мамлакатимиз ёшларини иш билан таъминлаш, уларни меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига яқиндан кўмаклашиш халқимиз фаровонлигини оширишда, камбағалликни қисқартириш, ёшларнинг ҳаётдаги эзгу орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, Ватанимизни жадал тараққий эттиришда муҳим омил саналади. Айни масала жиноятчиликнинг олдини олиш, ёш авлоднинг бўш вақтини тўғри ва унумли ташкил этиш, жамият ҳаётининг турли жабҳаларини жадал ривожлантиришда ҳам ҳаётий аҳамият касб этади.


Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан ёшларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётгани диққатга сазовор. Банк томонидан ҳаётга жорий этилаётган “Келажакка қадам” ижтимоий лойиҳаси йигит-қизларнинг илғор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларни ишга жойлаштиришда яқиндан кўмаклашиш, ёшларнинг стартап-лойиҳаларини ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш, таълим,фан, ишлаб чиқариш жараёнини интеграциялаштириш имконини бермоқда.


“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган "TalabaExpo – 2025" маърифий лойиҳаси битирувчиларга корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари тўғрисида кенгроқ маълумот бериш, меҳнат бозорини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, ишсизликка барҳам беришдек мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.


Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги боғда "TalabaExpo – 2025" доирасида ташкил этилган йирик касб ярмаркаси ҳам ана шундай эзгу мақсадларни кўзлагани билан диққатга сазовор бўлди. Ярмарка давомида битирувчиларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш, уларнинг касбий йўлини белгилаш ҳамда бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ярмарка доирасида 120 дан ортиқ йирик компания 1 минг 300 га яқин бўш иш ўрни, шунингдек, юқори босқич талабалари учун амалиёт имкониятларини тақдим этди. Ярмаркада 6 минг 461 киши иштирок этди. 2 минг 132 нафар иштирокчи иш берувчилар билан суҳбатдан ўтди. 765 нафар талаба ўзининг келажак иш жойини танлади. 37 нафар иштирокчи ўз бизнес лойиҳаларини тақдим этди.


Бу каби лойиҳалар ёшларни фаол қўллаб-қувватлашда янги-янги имкониятлар очувчи ўзига хос амалий платформага айлангани билан эътиборга моликдир.
Н.Усмонова,
ЎзА