Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев Тошкент давлат кимё технология институти талабалари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда партия етакчиси бугунги кунда юртимиз ва бутун дунёда долзарб бўлиб турган экологик муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бартараф этиш йўллари ҳақида атрофлича фикр билдирди. Шунингдек, турли экологик муаммоларни ҳал этишда ёшларнинг фаол иштироки катта аҳамиятга эга экани, барқарор келажак айнан ёш авлод вакиллари томонидан барпо этилишини таъкидлади.


Учрашув давомида партия томонидан амалга оширилаётган экологик дастурлар, халқаро ҳамкорлик доирасидаги келишувлар ва янги ташаббуслар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, жойларда экологияни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар ва қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Суҳбат давомида ёшларнинг фаол фуқаролик позицияси, экологияга бўлган масъулиятли муносабати ва янги ғояларга интилиши алоҳида эътироф этилди.


Учрашув давомида Тошкент кимё технология институти ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ҳам ташкил этилди. Унда А.Ҳамзаев кўчат экишнинг ўзига хос агротехник қоидалари, парваришлаш тартиби ҳақида батафсил тушунтиришлар бериб ўтди. Шунингдек, яшил ҳудудларни кўпайтиришнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, қурғоқчиликнинг олдини олишда яшил майдонларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида 400 тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА