English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талаба ёшларнинг биринчи халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди
19:03 / 2021-04-01

Тошкент тиббиёт академиясида талаба ёшларнинг биринчи халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Дунёнинг турли мамлакатларидан бўлажак шифокорлар иштирок этган илмий-амалий анжуман иқтидорли талаба ёшларнинг илғор қарашларини ZOOM платформаси кўмагида бир макомда жамлади.

Акбар Собиров Тошкент тиббиёт академияси даволаш факультетининг 4-босқич талабаси. Конференцияда бошқа тенгдошлари сингари Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби ҳамдўстлик давлатларининг тиббиёт олийгоҳлари талабалари билан эркин, ижодий-илмий мунозараларда қизғин баҳсга кириша олди. Унинг ”Туберкулёз микробактериясини янгича услубда аниқлаш” мавзусидаги маърузаси конференция иштирокчиларини бефарқ қолдирмади.

Эркин ижодий муҳитга асосланган масофавий беллашувда талаба йигит-қизлар энг яхши натижа учун астойдил интилди. Иштирокчилар тиббиётдаги энг долзарб муаммолар ечимини ўзларининг долзарб мавзулари мисолида қизиқарли маърузалари билан баён этди.

Тошкент тиббиёт академиясининг 2-босқич талабаси Нигина Дадаева “Фертиль ёшдаги аёлларнинг пандемия шароитидаги саломатлиги муаммолари” мавзусидаги илғор маърузаси билан конференция баҳс майдонида турли мамлакатлар, шунингдек, юртимиздаги бошқа тиббиёт институтлари ёшлари диққатини ўзига жалб этди.

Унинг Олмазор туманидаги аёллар билан 3 ой давомида олиб борган кичик илмий-амалий тадқиқоти бесамар кетмади. Нигина мазкур маърузани тайёрлаш учун COVID-19 инфекциясига чалиниб, оғир касалликни бошдан кечирган аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг руҳий кечинмаларини ўрганиш асосида бугунги конференция учун танлаган мавзусига оид қарашларини шакллантирди.

Халқаро анжуманнинг яна бир иштирокчиси – ТТАнинг даволаш факультети 5-курс талабаси Элнора Шомуҳаммедова ҳам Дилбар Расулова устозлигида тарқоқ склероз билан касалланган беморларга эрта ташхис қўйиш таклифини илгари сурди.

Унинг “Тарқоқ склерозда неврологик етишмовчиликлар оғирлигини аниқлаш” мавзуга нисбатан янгича ёндашуви тенгдошларининг танлаган муаммоли мавзуга оид кўплаб саволларига сабаб бўлди.

Мазкур халқаро илмий-амалий анжуман фикрлар хилма-хиллиги билан ёш мутахассисларнинг инсон саломатлигини ҳимоялаш борасидаги илк илмий қарашларини шакллантирибгина қолмай, уларнинг келажакда турли мамлакат ёшлари билан ўзаро дўстона муносабатларига туртки бўлиши шубҳасиз.

Моҳигул Қосимова, ЎзА