Ҳар бир инсон жамиятда ўз ўрнини топа олиши учун, аввало, шахс сифатида такомиллашуви, камолга етиши лозим. Aйниқса, талаба-ёшларимизнинг олий таълимдаги таҳсил даври жараёнида уларнинг шахс сифатида камол топишлари учун алоҳида диққат қаратиладики, бу мамлакатимизда ҳукумат томонидан ёшлар масаласига берилаётган эътиборнинг бир кўриниши сифатида намоён бўлади.
2021 йил 9 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши талаба-ёшларимизга яратилаётган шароитларни янада такомиллаштиришга қаратилди. Қарорда бакалавриатнинг 1-3-курслари доирасида ҳар 120-150 нафар талабага битта штат бирлиги ҳисобида «тютор» лавозимини тайинлаш каби – олий таълимда узоқ вақтдан бери лойиҳалаштириб келинган қатор тизимли қулайлик ва имкониятлар белгиланди.
«Тютор» атамаси нутқимизга инглиз тилидан ўзлашган бўлиб, у устоз ва мураббий вазифасини бажарувчи шахс маъносини ифодалайди. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб талабалар билан ишлаш бўйича “гуруҳ мураббийи” институти бекор қилингач, унинг ўрнига талаба-ёшлар билан ишловчилар – тютор лавозими ташкил этилди.
Мазкур лавозим эгаси том маънода талабанинг ўқитиш тизими билан узвий боғланишини таъминловчи, талабада ўқув жараёни давомида ўз салоҳиятини намоён қилиш, ўзини, ўзлигини, интилишу дунёқарашини теран англаш, ўз фаолиятини онгли равишда назорат қилиш, хатти-ҳаракатларини тизимли бошқариш борасида тўғри қарорлар қабул қила олиш малака ва кўникмаларини ривожлантирувчи шахс саналади. У талабага ҳар бир фаолият ва ҳаракатларининг оқибатларини онгли равишда англашга, ҳаётда ўз орзулари рўёбини таъминлаш йўлларини топишга кўмаклашади. Тюторнинг фаолияти самараси талабанинг ўқиб-ўрганишга бўлган ички интилиши кучайиши ва таълимнинг самарали жараёнга айланиши билан ўлчанади.
Тюторнинг вазифларига тўхталадиган бўлсак, у талабаларнинг шахсий ривожланишига, университет, республика ва халқаро миқёсдаги танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашувчи инсон. Йигит-қизларни касбга йўналтириш, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, турли илмий тўгаракларга жалб этиш ҳамда муаммо ва камчиликларини ўрганиб, уларга атрофлича ечим топиш билан шуғулланади.
Тюторларнинг асосий мақсади таълим ва тарбия жараёнини самарали ташкил этишда университет ва талабалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, талабаларнинг университет ҳаёти ва таълим жараёнига мослашишига кўмаклашиш, уларга услубий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш ва талабаларда танлаган касбига муҳаббатни оширишдир. Шу билан бирга, улар йигит-қизларнинг дарс машғулотларини мунтазам таҳлил қилиб боради ва сифатини оширади, ижтимоий аҳволидан доимий хабардор бўлиб туради.
Ҳар бир тютор ўзига бириктирилган гуруҳ талабаларини беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган клуб ва тўгаракларга жалб этиб боради ҳамда уларнинг ижодий қобилияти ва истеъдодини намоён этиши учун имкон яратади. Талабаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, уларнинг таълим олиши, илм билан шуғулланиши, яшаши ва дам олиши учун шароитлар яратишга кўмаклашади ва бу борадаги янгиликлардан хабардор қилиб боради. Шунингдек, иқтидорли ва истеъдодли талабаларни аниқлаб, уларнинг турли танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига ҳамда талабаларнинг лойиҳа ва стартапларини амалга оширишига кўмаклашади.
Бундан ташқари, тюторлар талабаларни ўйлантирадиган қатор масалалар, хусусан, талабаларни турар жой билан таъминлаш, қолдирилган дарсларни ўзлаштириш, ижара хонадонларга жойланиши каби муаммоларга ёрдам бериб боради.
Бир сўз билан айтганда, яхши тютор – бу талабага елкадош мураббий ва моҳир консултантдир. У талабанинг кучли тарафларини, захирадаги қобилиятларини юзага чиқариб, камчиликлари устида ишлашни ўргатади.
Ҳозирги кунда Фарғона давлат университетида 100 дан ортиқ тюторлар 15 та факультетда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Шу жумладан, биз ҳам университетнинг Зоотехния факультетидаги тюторлик фаолиятимиз давомида ўзимизга бириктирилган гуруҳлар билан мунтазам ишлаб, талабаларимизга ҳар томонлама кўмакдош бўлишга интиляпмиз. Талабаларимизнинг муносиб таълим олиши, илм-фан соҳаси билан бирга, санъат, маданият ва спорт йўналишларида ҳам муҳим натижаларга эришиши энг устувор мақсадларимиздандир.
Мунаввархон Йўлдошева,
Хуршида Йўлчиева,
Фарғона давлат университети
Зоотехния факультети тюторлари.
ЎзА